Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Улуғ шоир ижодига бағишланди
10:53 / 2026-02-16

Жиззах вилоятида улуғ саркарда, давлат арбоби ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 543 йиллиги муносабати билан қатор маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди. Уларда буюк аждодимизнинг серқирра фаолияти, бой адабий мероси ҳамда давлатчилик анъаналари тараққиётига қўшган ҳиссаси атрофлича ёритилди.

Жиззах гарнизонида жойлашган ҳарбий қисмда Пахтакор тумани ҳокимлиги ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳаёт йўли, илм-маърифат ва адолатли давлат бошқарувига асосланган сиёсий фаолияти хусусида мазмунли маърузалар тингланди.  

Таъкидланганидек, Бобур нафақат йирик саркарда, балки юксак тафаккур ва нозик дид соҳиби бўлган ижодкор сифатида ҳам жаҳон тамаддунида ўчмас из қолдирган.

Тадбир давомида Бобур қаламига мансуб ғазал, рубоий ва шеърлар ифодали ўқилиб, саҳна кўринишлари ва бадиий композициялар орқали унинг сиймоси таъсирчан тарзда гавдалантирилди.  

Шунингдек, Жиззах шаҳридаги Ёшлар инновацион марказида Жиззах ихтисослаштирилган санъат мактаби томонидан “Назм ва наво” кечаси ташкил этилди. Унда ўқитувчи ва ўқувчилар томонидан Бобур ғазаллари ва қўшиқлари жонли ижро этилди. “Актёрлик санъати” йўналиши ўқувчилари намойиш этган саҳна кўриниши томошабинларда катта таассурот қолдирди.

Тадбир якунида бундай маънавий-маърифий анжуманлар ёш авлодни миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири