Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Улуғ олим сиймосига эҳтиром
13:04 / 2022-12-24

Жаҳон илм-фани ва тамаддунининг бешигини тебратган буюк алломаларнинг ворисимиз. Шукрки, бизнинг замонамизда ҳам халқаро миқёсда эътироф этилган олимларимиз бўлган ва бор. Шундай олимлардан бири Туркистон жадидчилик ҳаракати ва жадид адабиётини ўрганиш бўйича беназир тадқиқотлар муаллифи, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, филология фанлари доктори, профессор Бегали Қосимовдир.

Бу йил олим таваллудига 80 йил тўлди. Шу муносабат билан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ташаббуси билан Бегали Қосимовнинг уч жилдлик “Танланган асарлар”и нашр этилди. Жорий йилнинг 19 декабр куни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети билан ҳамкорликда адабий  -маърифий тадбир ва мазкур китоблар тақдимоти ўтказилди. Табдирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон Халқ шоири Сирожиддин Саййид бугунги кунда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида адабиётга, маънавиятга эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилгани ҳақида сўзлади. Адабиётимиз ривожига катта ҳисса қўшаётган ижодкорлар жамиятда энг ҳурматли инсонлар сифатида эъзозланаётгани, марҳум олимлар, шоиру адиблар хотирасига эҳтиром билдирилаётганини алоҳида таъкидлади.  

– Бугун давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятига алоҳида рағбат кўрсатаётир, – деди ўз сўзида уюшма раиси Сирожиддин Саййид. – Катта олимимиз, дунё тан олган адабиётшунос Бегали Қосимов асарлари уч жилдлигининг нашри ҳам ана шу рағбат ва эътибор натижасидир. Бу китобларда ўтмиш адабиётимиз, хусусан, жадид адабиёти ҳақидаги нодир маълумотлар, теран илмий тафаккур натижаси бўлган қарашлар ўз ифодасини топган. Бугунги ёшларимиз, навқирон ижод аҳли уларни ўқиши ва уқиши, бу китоблардан маърифат ва зиё олиши керак.  

Тадбирда филология фанлари доктори, профессор Нурбой Жабборов улуғ олим илмий меросининг бугунги кун учун аҳамияти тўғрисида маъруза қилди. Адабиётшунос олимлар Шуҳрат Ризаев, Баҳодир Каримов, Олим Тўлабоев, Зуҳриддин Исомиддинов ҳамда олимнинг укаси Шомурод Қосимов сўзга чиқиб, Бегали Қосимовнинг олим, муаллим ва одам сифатидаги фазилатлари хусусидаги қизиқарли ва таъсирли хотираларини сўзладилар.  

Олим илмий меросига бағишланган тадбирлар 20 декабр куни Қарши Давлат университетида давом этди. Тадбирда университет профессор-ўқитувчилари, вилоят ёзувчи ва шоирлари ҳамда талаба ёшлар иштирок этди. Пойтахтдан ташриф буюрган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, филология фанлари докторлари Нурбой Жабборов, Қозоқбой Йўлдошев, машҳур тиббиёт олими ва адиб Жуманазар Бекназар, адабиётшунос Олим Тўлабоев, Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Ғулом Абдиев ва кенг жамоатчилик вакиллари Бегали Қосимовнинг халқимизга маърифат зиёсини улашиш борасида қилган хизматлари, ўзбек адабиётининг қадимги давридан ХХ аср охиригача бўлган адабий-тарихий жараёнларни қамраб олган илмий тадқиқотлари, устозлик мақоми ва инсоний фазилатлари ҳақида сўзладилар.

– Бегали Қосимов жадид адабиёти намояндалари меросини илмий-назарий жиҳатдан таҳлил ва тадқиқ этди, – деди ўз сўзида профессор Нурбой Жабборов. – Жадидчилик ва жадид адабиётининг умумий ва хос томонларини белгилади. Русия ва жаҳон тараққийпарварлик ҳаракатлари билан алоқасини аниқлади. Жадидчиликнинг миллий ғоя, янгиланган ижтимоий тафаккур шаклланишидаги  ҳамда миллий озодлик, истиқлолчилик ҳаракатларининг майдонга келишидаги роли ва ўрнини, буларнинг ўзбек миллий уйғониш адабиёти билан ўзаро ҳамкорликдаги тараққиётини кўрсатиб берди. Ўзбек жадид адабиётини ўрганиш бўйича ўз анъаналари, тадқиқ усулларига эга бўлган халқаро миқёсда тан олинган илмий мактаб яратди. Олимнинг жадидчилик ҳақидаги тадқиқотлари чет элларда ҳам эътибор қозонди, эътироф этилди. Америка, Германия, Франция, Туркия, Япония, Россия, Корея, Украина, Афғонистон, Эрон, Қозоғистон ва Қирғизистонда ҳам асарлари чоп этилди, китобларига тақризлар ёзилди.

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан шу йил 21 декабр куни атоқли олим таваллуд топган Касби тумани Денов қишлоғида Бегали Қосимов уй-музейи очилди. Уй-музейидан Бегали Қосимовнинг шахсий буюмлари ва ҳужжатлари, олим ҳаёти ва илмий фаолиятидан ҳикоя қилувчи нодир экспонатлар ҳамда мўъжаз кутубхона ўрин олган.    

Тадбирда пойтахтдан келган адиблар ва адабиётшунос олимлар, зиёлилар ва олимнинг фарзандлари сўзга чиқиб, уй-музейининг Бегали Қосимов хотирасини абадийлаштиришда ва ёш авлод маърифатининг юксалишида тутган ўрни катта бўлажаги ҳақида сўзладилар.  

– Касби туманидан ўтмишда ҳам жуда кўп алломалар етишиб чиққан, - деди ўз сўзида вилоят ҳокимининг ўринбосари Алишер Зокиров. – Ана шу олимлар силсиласида Бегали Қосимовнинг ўрни алоҳида. Олимнинг уй-музейи бугунги ёшларимиз қалбида илмга интилишни кучайтиришда, уларнинг чинакам ватанпарвар бўлиб етишишида катта рол ўйнайдиган маърифат маскани бўлиб қолишига ишонамиз.

Янги Ўзбекистон бугунги кунда Учинчи Ренессанс сари дадил одимлаётганига дунё ҳамжамияти гувоҳ бўлиб турибди. Бегали Қосимов каби чинакам ватанпарвар, миллатпарвар олимлар илмий мероси жамиятни олға интилишга, тараққиёт билан ҳамқадам бўлишга даъват этади. Ватандошларимизни ана шу ҳаётбахш ғоя атрофида бирлаштиради, улуғ мақсад йўлида ёш авлодга ғайрат ва шижоат бағишлайди. 

Ишонч билан айтиш мумкинки, ўзбек адабиёти ва адабиётшунослиги ривожига муносиб ҳисса қўшган фидойи олим Бегали Қосимов номи халқимиз қалбида абадий яшайди. Олимнинг юксак илмий-ижодий тафаккур ва қалб қўри билан яратилган асарлари бундан кейин ҳам жамият маънавиятини юксалтиришга муносиб ҳисса бўлиб қўшилади.  

Ғулом Абдиев,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси

Қашқадарё вилояти бўлими раҳбари

ЎзА