Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Улуғ ижодкорлар хотирасига эҳтиром
11:28 / 2020-12-03

Абдулла Орипов, Ботир Зокиров, Ўткир Ҳошимов. Улар халқнинг чинакам суюкли фарзандлари, ижодкор зиёлиларнинг пешқадамлари бўлган.

Ватанига, одамларга, адабиёту санъатга меҳри чексиз, ўз ишига содиқ инсонлар эди. 
Юртимизда Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов шеърлари кириб бормаган ўзбек хонадонини топиш қийин. Уни шу юртга бўлган чексиз меҳри, халқимизга эҳтироми, ҳаётга бўлган муҳаббати шоир қилди, десак янглишмаймиз.
 

Адабиётшунос устозларнинг фикрича, Абдулла Орипов дастлабки шеърларидан бошлаб миллий шеъриятда янги поэтик тафаккурнинг қарор топиши йўлида ижод қилди. Янгича қарашлар, кишиларнинг руҳий оламидаги эврилишлар, фикрий эркинлик шоир ижодининг устувор жиҳатлари эди. Сўз санъати билимдонларининг таҳлилига кўра, Абдулла Орипов ижоди замонавий ўзбек адабиётининг ёрқин саҳифаларидан бирини намоён этади. Унинг шеърларида инсоннинг чуқур руҳий дунёси ва халқ тарихи таҳлил этилади.


Шоирнинг "Баҳор”, “Биринчи муҳаббатим”, “Куз”, “Саратон”, “Ўзбекистон”, “Муножотни тинглаб”, “Отелло”, “Сароб”, “Денгизга”, “Маломат тошлари”, “Олтин балиқча”, “Юзма-юз”, “Генетика” ва бошқа шеърлари – ХХ асрнинг иккинчи ярми ўзбек адабиётининг ёрқин намуналаридир. 


Давлатимиз мадҳиясининг қалбга яқин, самимий, теранлигининг боиси унинг шеъри муаллифи Абдулла Ориповнинг ўзи туғилиб ўсган тупроққа меҳри сабаб бўлса, ажабмас.


Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров наинки мамлакатимизда, балки хорижда ҳам таниқли санъаткор эди. Ихлосмандлар ҳали-ҳануз унинг бетакрор, биллурдай тиниқ, дардчил овозига оз бўлса-да ўхшаш бўлган овоз соҳибини учратмаган. 

Аслида хаёли мудом паришон, доим ўйчан ҳолда юрувчи Ботир Зокиров яхшигина шоир, ёзувчи, рассом, актёр ҳам эди. Унинг "Қайдасан", "Газли гўзали", "Раъно", "Араб тангоси" ва бошқа кўплаб қўшиқлари халқимизнинг кўнгил мулкига айланган. Тўғриси, ҳали бирор хонанда бу қўшиқларни Ботир акадек маромига етказиб, юксак маҳорат билан айтолмаган. 

Куйлаганда санъаткорнинг ўзи ростмана қўшиққа айланиб кетиши ҳам рост. Унинг ижросидаги қўшиқлар янграганида ҳатто хорижлик тингловчилар ҳам ҳайратда қолган видео-тасвирларга кўпларимиз гувоҳ бўлганмиз. Ўзбек эстрадасининг асосчиси, отаси бўлган Ботир Зокиров опера ва миллий, ҳам эстрада йўналишдаги қўшиқларни, замонавий композиторлар асарларини маромига етказиб куйларди. Ҳозиргача хонанданинг ўзини кўрмаган авлод ҳам унинг қўшиқларини ажиб бир энтикиш, ҳаяжон билан тинглайди.


Атоқли адиб, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов асарлари ҳаётийлиги билан қадрли. Самарали ижод билан бирга у жамоат арбоби, журналист сифатида ҳам фидокорона меҳнат қилди. Унинг "Қалбингга қулоқ сол» , «Баҳор қайтмайди», «Дунёнинг ишлари», «Нур борки, соя бор», «Икки эшик ораси», «Тушда кечган умрлар» каби асарлари китобхонлар томонидан севиб мутолаа қилинади.


Ёзувчилар билан киночилар ўртасидаги ижодий ҳамкорликка анчагина путур етган бугунги даврда Ўткир Ҳошимовнинг бир қатор асарлари экранлаштирилгани эътиборни жалб этмай қолмайди. Унинг «Хазон бўлган баҳор», «Инсон садоқати» , «Виждон дориси», «Тўйлар муборак», «Қатағон» каби драма, комедия, бир қатор киносценарийлар муаллифи экани бунинг яққол далилидир. «Дафтар ҳошиясидаги битиклар» китоби эса ўқувчилар орасида анча шов-шув уйғотган асарлар сирасидандир. 


Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов, Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов таваллудининг юбилей саналари нишонланиши билан боғлиқ фармонлари миллий санъатимиз, адабиётимизни эъзозлаш, атоқли ижодкорлар хотирасига эҳтиром кўрсатиш йўлидаги амалий эътиборнинг яна бир ёрқин намунасидир.

Н.Усмонова,ЎзА