Пoльшанинг Варшава шаҳри «Луна» кинoтеатрида “Ўзбек кинoси кунлари” тадбири дoирасида “Улуғ Амир ва Дoнна Мария” фильмининг Еврoпадаги илк намoйиши бўлиб ўтди.
Ушбу тадбир Ўзбекистoннинг Пoльшадаги элчиxoнаси кўмагида ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Кинематoграфия агентлиги директoри Шуҳрат Ризаев бoшчилигидаги делегация, Ўзбекистoннинг Пoльшадаги элчиxoнаси xoдимлари, чет эллик диплoматик кoрпус вакиллари ҳамда ўзбек ватандoшлари иштирoк этди.
Кинo намoйишини Ўзбекистoннинг Пoльшадаги Фавқулoдда ва муxтoр элчиси Амирсаид Аъзамxўжаев ҳамда Агентлик директoри Шуҳрат Ризаев oчиб берди.

Жаҳонгир бобомиз Амир Темур миллий давлатчилигимизни барпо этиш, улуғ салтанатга асос солиш, туркий халқларни истилочилар зулмидан халос этишдаги хизматлари беқиёсдир. Улуғ Соҳибқироннинг саъй-ҳаракатлари билан жамиятда тинчлик, ҳақиқат, ижтимоий адолат тамойилларини қарор топтириш, халқ фаровонлиги, мамлакат маъмурлиги ва тараққиётини таъмишлаш борасида мисли кўрилмаган ишлар олиб борилди. Европа давлатлари билан дўстона муносабатлар, ўзаро ҳурматга асосланган дипломатик алоқаларни ўрнатишда, қўҳна қитъани замон таҳдидларидан озод этишда Амир Темурнинг хизматлари чексиз. Шу сабабли улуғ жаҳонгир бобомиз сиймосига Европада чексиз ҳурмат ва эҳтиром, миннатдорлик билан муносабатда бўлингани эътиборга моликдир. Зеро, бугун ҳам улуғ саркарда ва давлат арбоби бўлган Темур шахсияти, унинг ҳаёти, фаолияти, асос солган буюк салтанатига қизиқиш ҳамон кучлидир.
Кинематография агентлиги буюртмасига биноан “Ўзбекфильм” киноконцерни ҳамда Туркиянинг “Kanguru” кинокомпанияси ҳамкорлигида суратга олинган мазкур фильмда Соҳибқирон Амир Темур ҳаёти ва фаолиятининг шу чоққача кўпчиликка номаълум бўлган ибратли жиҳатлари тўғрисида ҳикоя қилинади.

Маълумки, оламшумул фаолияти билан ўз даврининг сиёсий-иқтисодий, ижтимоий-маданий ҳаётига улкан таъсир кўрсатган буюк Амир Темур ҳақли равишда инсоният тарихидаги энг машҳур давлат арбобларидан бири, енгилмас саркарда, донишманд бунёдкор, илм-фан ва маданият ҳомийси сифатида эътироф этилади.
Шу боис улуғ аждодимиз ҳақида дунёнинг турли мамлакатларида кўплаб илмий ва бадиий китоблар, пьеса ва фильмлар, тасвирий санъат асарлари яратилган. Ўзбек ва турк кино усталари томонидан суратга олинган янги фильмда ҳам Соҳибқироннинг ана шундай ибратли фазилатлари, “Куч – адолатда” деган ҳаётий тамойилни қарор топтириш йўлидаги саъй-ҳаракатлари, унинг табиатига хос бўлган беқиёс азму шижоат билан бирга кечиримлилик, бағрикенглик, меҳр-оқибат сингари хусусиятлар таъсирчан бадиий воситалар орқали очиб берилган.
Таниқли адиб Хайриддин Султон сценарийси асосида яратилган “Улуғ Амир ва донна Мария” бадиий фильми аввало мураккаб сюжет чизиғи, мавзунинг оригинал талқини, тарих ва бугунги кун воқеликларини уйғун ва муштарак ҳолда бадиий акс эттириши, драматик интригаларга бойлиги билан томошабинлар эътиборини тортади.
Фильм воқеалари бирйўла икки параллель йўналишда шиддатли ривожланиб боради. Унда олис ўтмиш ва замонавий ҳаёт манзараларининг бетакрор тасвирлари бир-бирини табиий тарзда тўлдиради. Киноасарни томоша қилган маърифатли томошабин беихтиёр инсон руҳиятининг чексиз ва сирли сарҳадлари ҳақида, авлодлар ўртасидаги узвий ришталар, бу дунёда қачондир юз берган бирон воқеа-ҳодиса ҳеч қачон изсиз кетмаслиги хусусида фалсафий ўйларга толади.
Тасвирга олиш ишлари Туркия ва Ўзбекистон ҳудудида олиб борилган ушбу йирик халқаро ижодий лойиҳани муваффақиятли руёбга чиқаришда яна кўплаб маҳаллий ва хорижий киномутахассислар, рассом ва операторлар, дизайнерлар, компьютер графикаси усталари, продюсер ва каскадёрларнинг ҳам муносиб хизматлари бор.
Мазкур фильм истеъдодли кинорежиссёр, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Ёлқин Тўйчиев томонидан суратга олинган.
Н.Усмонова, ЎзА