French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Улуғ амир ва Донна Мария” фильмини суратга олиш жараёнлари бошланди
18:09 / 2022-06-22

“Ўзбекфильм” киноконцерни томонидан ёзувчи Хайриддин Султон асари асосида “Улуғ амир ва Донна Мария” деб номланадиган фильм суратга олиниши режалаштирилмоқда. Мазкур фильмни суратга олиш жараёнлари бошлаб юборилди.

Фильмнинг постановкачи режиссёрлари Жаҳонгир Қосимов ва Ёлқин Тўйчиев. Фильм режиссёри Аҳмат Унарбаевдан олинган маълумотларга қараганда, фильмни тасвирга олиш учун тайёргарлик кўрилмоқда ва суратга олиш учун ҳудудлар танланиб, жойларга чиқиб шароитлар ўрганилмоқда. 

“Улуғ амир ва Донна Мария” фильмини тасвирга олиш 2022 йилнинг охирида бошланади. 

Бугунги кунгача фильм ижодкорлари Туркияга бориб, тасвирга олиш жойларидаги декорация, ландшафт ва тарихий жараёнлар бўлиб ўтган ҳудудлар билан танишишди. Ҳозирда ушбу фильмни суратга олиш борасида Испания ва Венгрия расмийлари билан музокаралар олиб борилмоқда. Фильмнинг Ўзбекистон ҳудудида суратга олинадиган қисмлари юзасидан барча вилоятларга бориб ўрганилди ва тасвирга олиш учун шарт-шароитлар яратилиши устида ишланмоқда. 

Фильмда ролларни ижро этиш учун Ўзбекистондаги драматик театрлар актёрларини танлаш режалаштирилган. Шу йилнинг февраль ойида фотонаъмуналар (фотопробалар) йиғилди, ҳозирги вақтда видеонаъмуналар (видеопробалар) олиш учун тайёргарлик кўриляпти. 

Тарихий фильмни суратга олишда зарур бўладиган костюмлар, қурол-яроғ каби реквизитларни танлаш масаласида таърихчи олимлардан маслаҳат ва тавсиялар олинмоқда, шунингдек, интернет тармоғида бу борадаги мавжуд маълумотлардан фойдаланиляпти. 

Фильмда тарихий ва бугунги кундаги воқеалар акс эттирилади ва бу воқеаларнинг тарихий қисмлари Венгрия, Туркия давлатларида, Испания, Япония ва Ўзбекистонда эса ҳозирги вақтда бўлиб ўтаётган воқелар тасвирга олинади. 

“Улуғ амир ва Донна Мария” фильмини суратга олишга юксак дид ва алоҳида эътибор қаратилмоқда. Буюк Соҳибқирон Амир Темур сиймоси гавдаланаётган муносиб фильм бўлиб қолиши кўзда тутилмоқда. 

Д.Маматова, ЎзА