Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Улуғ йўлни янги ютуқлар, изланишлар билан босиб ўтамиз...
21:30 / 2020-02-05

Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаси нафақат халқимиз, балки халқаро ҳамжамият учун ҳам тарихий аҳамиятга эга бўлди.


Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаси нафақат халқимиз, балки халқаро ҳамжамият учун ҳам тарихий аҳамиятга эга бўлди.

Унда 2019 йилда қўлга киритилган натижалар билан бир қаторда жорий ҳамда кейинги йиллар учун истиқболли режа ва устувор йўналишлар белгилаб берилди.

Дарҳақиқат, биз улуғ йўл бошидамиз. Бу йўлни барча соҳаларни ислоҳ қилиш ғоялари атрофида жипслашиб, аҳоли учун қулай турмуш шароити яратиш асосида босиб ўтишимиз лозим.

Ўзбекистон иқтисодиёти барқарор ривожланмоқда. Мамлакатимиз раҳбари барча масъулларга ривожланган давлатлар қаторидан ўрин олиш вазифасини қўйди. Ушбу мақсадларга ислоҳотларни босқичма-босқич жадаллаштириш, илм-фан, таълим ва инновацияга таянган ҳолда эришиш мумкин. Айнан шу сабабли ҳам 2020 йил – Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили, деб эълон қилинди.

Мурожаатномада юқори малакали кадрларни тайёрлаш, ўсиб келаётган авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга алоҳида урғу берилди. Давлатимиз бу борада иқтидорли ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди, уларнинг ўз иқтидор ва салоҳиятини тўлиқ намоён этиши учун ҳар томонлама кўмак беради.

“Олмалиқ кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти кўп минг кишилик жамоасининг асосий қисмини айнан ёшлар ташкил қилади. Корхонамизда “устоз-шогирд” анъанаси изчил йўлга қўйилган бўлиб, ёшлар катта авлоднинг тажрибасини қунт билан ўрганади.

Сўнгги йилларда комбинатни модернизация қилиш, янги қувватларни ишга тушириш, маҳсулотлар ишлаб чиқариш номенклатурасини кенгайтириш борасида йирик лойиҳаларни амалга ошираяпмиз.

Комбинат кон майдонларини очиқ ўзлаштириш ва ерости қазиб олиш, бойитиш ва олтин саралаш фабрикаси, металлургия заводи, йирик энергетика ва транспорт тизими, ривожланган инфратузилма ва ижтимоий соҳа объектларини ўзида мужассам этади. Республикамизнинг Тошкент, Наманган, Жиззах ва Сурхондарё вилоятларида жойлашган 45 дан зиёд тармоқ бўлинмамизда 36 мингдан зиёд ишчи-ходимлар меҳнат қилмоқда. Комбинат 17 хилдан ортиқ маҳсулотларини дунёнинг 16 та давлатига экспорт қилаётир.

Жорий йилда янги Мис бойитиш фабрикасини қуриш ишлари бошлаб юборилди. Шунингдек, ушбу йўналишда Мис эритиш заводида янги замонавий олтингугурт (сульфат) кислотаси цехи, Ванюков печи, кислород блоги, анод печи, мисни электролиз қилиш цехини қуриш каби инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш навбатдаги вазифаларимиз қаторидан ўрин олган.

Комбинатни ривожлантириш дастури ижроси натижасида 2023 йилга келиб рудаларни қазиб олиш йиллик 40 миллион тоннадан 100 миллион тоннага, катодли мисни ишлаб чиқариш 106 минг тоннадан 268 минг тоннага, металли рух 68 минг тоннадан 128 минг тоннага оширилади. Аффинажланган олтин ва кумуш ишлаб чиқаришни 2 баробар ошириш кўзда тутилган.

Нодир, ноёб металлар ва улардан тайёрланган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш дастури амалга оширилмоқда. Бу борада Ўзбекистон-Корея KIRAM илмий-технологик маркази ва “Олмалиқ КМК” АЖ илмий ишлаб чиқариш маркази ишланмалари асос бўлиб хизмат қилмоқда. Бу ерда вольфрам, молибден, кобальт, титан каби нодир металларнинг нанокукунларини тайёрлаш устида изланишлар олиб борилмоқда. Ушбу турдаги маҳсулотлардан келгусида турли соҳаларда 3D нашри, энергетика, тиббиёт, машинасозлик ва бошқа келажаги ёрқин бўлган замонавий, истиқболли йўналишларда фойдаланиш имконияти мавжуд. Бу давлатимизнинг нафақат экспорт салоҳиятини оширади, балки кўп сонли янги иш ўринларининг яратилишига замин яратади.

Мурожаатномада белгилаб берилган устувор вазифалардан келиб чиқиб, кўп минг сонли жамоамиз билан олдимизга комбинат фаолиятини ривожлантириш бўйича қўйилган режаларни ортиғи билан бажарамиз. Зеро, комбинат фаолиятини ривожлантириш билан боғлиқ тарихий лойиҳалар мамлакат иқтисодиёти ривожи, эртанги фаровон кунимиз, келажагимизга дахлдордир.

Абдулла ХУРСАНОВ,
Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати аъзоси,
“Олмалиқ КМК” АЖ бошқаруви раиси