Ультра товуш – саратонни жарроҳликсиз даволашда янги давр
Илм-фан саратонни товуш ёрдамида даволаш йўлини топди. Мичиган университети олими Жен Сю тасодифан кашф этган "хистотрипция" усули юқори частотали ультра товуш тўлқини билан ўсимтани парчалаб, йўқ қилади. Натижада бемор жарроҳлик амалиётисиз, оғриқсиз соғаяди.
Аллақачон АҚШ ва Буюк Британияда тасдиқланган бу технологиянинг жигар ўсимтасига қарши самарадорлиги 95 фоизни ташкил этмоқда. Жараён пайти товуш тўлқини митти пуфакчалар ҳосил қилиб, ўсимта тўқимасини йўқ қилади, организм эса яра жойини табиий йўл билан тозалайди.
Тадқиқотчилар энди бу усулни саратоннинг бошқа турлари, жумладан буйрак ва ошқозон ости бези ўсимтасига ҳам қўллаш устида ишламоқда. Мутахассислар ультра товушни радиация ва иммунотерапия билан бирлаштириш орқали ракни янада самарали, хавфсиз даволаш мумкинлигига ишонмоқда.
– Саратон даҳшатли муаммо, касалликни даволаш янада оғир жараён, – дейди профессор Сю. – Биз эса соғайиш сари оғриқсиз йўлни топдик.
Мусулмон Зиё, ЎзА