ФОТОРЕПОРТАЖ
Халқимизда от азалдан эр кишининг ишончли йўлдоши сифатида эъзозлаб келинган. Шу боис бугунги кунда ҳам от ишқибозлари орасида улоқ-кўпкарига бўлган қизиқиш юқори. Зеро, от ҳақида сўз кетганда, кўз олдимизда аввало улоқ-кўпкари манзаралари гавдаланади.
Ўзига хос тартиб-таомилига эга ушбу миллий ўйин маълум бир давр тўхтаб қолган эди. Кейинги йилларда халқона урф-одат ва анъаналарни асраб-авайлаш ҳамда ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар натижасида улоқ-кўпкари яна тикланди. Бугун у турли байрамлар, халқ сайиллари доирасида кенг нишонланиб, катта мусобақалар ўтказилмоқда. Энг муҳими, тўй улоқ-кўпкарилари ҳам халқ орасида яна қайта жонланмоқда.
[gallery-27307]
Самарқанд вилояти Иштихон туманида жойлашган “Соҳибқирон” улоқ-кўпкари майдонида ҳам ҳудуд аҳолиси томонидан катта улоқ-кўпкари ўтказилди. Албатта, бундай мусобақаларда соврин иккинчи даражали масала. Асосий аҳамиятга молик жиҳати — ота-боболаримиздан мерос бўлиб келаётган улоқ-кўпкарининг халқ орасида янада оммалашиб, авлоддан авлодга давом этаётганидир.
Сарвар ЎРМОНОВ (сурат), ЎзА