Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Улкан ислоҳотлар, бунёдкорлик жараёнлари табиатни асраш ҳаракатлари билан уйғунликда амалга оширилади
12:44 / 2023-06-10

Кейинги етти йил давомида юртимизда амалга оширилаётган ва сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилган ислоҳотларда ҳам атроф-муҳитни, табиатни асраш, табиий захиралардан унумли ва тежамкор фойдаланиш, “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш масалаларига устувор вазифалардан бири сифатида алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жорий йил 30 май куни бўлиб ўтган Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг XI съездида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига партиямиздан кўрсатилган номзоднинг сайловолди дастурида ҳам яқин келажагимизда фаолиятимизда ҳал қилувчи ўрин тутувчи бешта стратегик мақсаднинг учинчиси айнан шу долзарб масалага қартилгани билан аҳамиятлидир.

Қайд этилганидек, “Яшил иқтисодиёт”га ўтиш, саноатда “яшил сертификат”лар бозори яратиш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини янада кенгайтириш, автобуслар тўлиқ экологик тоза электр ёки газ ёнилғисига ўтказиш каби бир қатор муҳим жараёнлар билан биргаликда Ўзбекистонда 2030 йилга қадар экин майдонларини тўлиқ сув тежайдиган технологияларга ўтказилади.

Бунинг учун далаларга сув етказадиган объектлар фермер ва кластерлар бошқарувига берилади. Сув етказиш тизимига Туркия, Испания, Хитой каби давлатлар тажрибаси кенг жорий қилинади. Сув тежайдиган технологияни жорий қилган фермер ва деҳқонлар янада рағбатлантирилади.    

Диққатга сазовор яна бир хайрли ташаббус, барча давлат идоралари, корхоналар, олийгоҳлар ўзларининг “яшил боғлари”ни ташкил қилади. Энди, янги уй-жой қуришда пудратчиларга “яшил ҳудуд” ва автотураргоҳ барпо этиш мажбурий талаб қилиб қўйилади. Барча қишлоқ ва шаҳарлар қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш хизматлари билан 100 фоиз қамраб олинади, уларни қайта ишлаш эса камида 65 фоизга етказилади.

Ҳудудларга тайинланадиган янги ҳокимлар, ўша ҳудудда экологик аудит ўтказиши, натижалари билан кенг жамоатчиликни бохабар қилиб бориши эса мутасаддиларнинг табиат ва атроф-муҳитга бўлган ёндашувини кескин ўзгартиришга туртки беради. Чунки, ҳудуд аҳолиси сув ва ҳаво тозалиги, кўкаламзорлаштириш даражаси бўйича аниқ масалалаларни бевосита ҳоким олдига қўйишига имкон яратилади.

Сайловолди дастуридан ўрин олган бу вазифалар янгиланган Конституциямизда ҳам мустаҳкамлаб қўйилди.  

Эндиликда давлат атроф-муҳитни яхшилаш, тиклаш ва муҳофаза қилиш, экологик мувозанатни сақлаш бўйича чораларни амалга оширади, фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаш ва атроф-муҳитга зарарли таъсир кўрсатилишига йўл қўймаслик мақсадида шаҳарсозлик фаолияти соҳасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратади. Шу билан бирга ҳукуматнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, биологик хилма-хилликни сақлаш ва иқлим ўзгаришига қарши курашиш соҳасидаги масъулияти белгиланди.

Шаҳарларнинг бош режаларини жамоатчилик муҳокамасидан мажбурий ўтказилиши шартлиги ҳақидаги конституциявий қоида ҳозирги шароитда тобора долзарб аҳамият касб этиб бораётган шаҳарсозликка оид масалаларни халқимиз билан бамаслаҳат ечиш имконини беради.

Гўзал табиатимиз ва атроф-муҳитни асраб-авайлаш, уни келажак авлодга етказишда Ватанимиз тақдирига, фарзандларимиз келажагига бефарқ бўлмаган барча юртдошларимизга алоҳида масъулият юклайди.

Сайловолди дастурида белгиланган бу вазифалар бугунги кундаги энг долзарб масалалардан бири бўлиб, буни бутун халқимиз якдиллик билан қўллаб-қувватламоқда.

Эркин ХОЛМАТОВ,

ЎзЛиДеП Жиззах вилоят кенгаши раиси,

Жиззах вилоят табиат ресурслари

бошқармаси бошлиғи,

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати

ЎзА