Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Улкан индустриал ҳудудга айланаётган Сурхондарё тараққиёт сари илдамламоқда
16:16 / 2023-11-23

Сурхондарё деганда олижаноб, енгилмас Алпомиш ва садоқатда тенги йўқ Барчиной ёки табаррук қадамжолар, қадимий ёдгорликлар ҳудуди кўз ўнгимизга келади.

Бугун вилоятга борсангиз, қиёфаси таниб бўлмас даражада янгиланган. Ҳудуд кенг иқтисодий имкониятлари, ноёб географик ва транспорт салоҳияти билан мамлакатимиз ҳаётида ўз сальдосига эга.

Алпомиш достонидаги образлардек қалби кенг, меҳнаткаш ҳисоб-китобли халқи бугун ўз пешана тери билан ана шундай катта иқтисодий ютуқларни қўлга киритмоқда. 

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 16-17 ноябрь кунлари ҳудудлар иқтисодиёти, муҳим ижтимоий дастурлар ижроси билан танишиш мақсадида Сурхондарё вилоятида бўлди.

Президентимиз Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида бўлиб, “Мустақилликнинг 25 йиллиги” газ-кимё мажмуаси қурилиши билан танишди. Хусусан, бир неча ўн йиллар олдин топилган газ конига борди. 2019 йил апрель ойида илк қидирув ва қурилиш ишлари бошланган мажмуа бугун “Surhan Gas Chemical Operating Company” хорижий корхонаси томонидан ишга туширилди. Лойиҳанинг умумий қиймати 2,9 миллиард доллар бўлиб, йилига 5 миллиард метр куб газни қазиб чиқариш ва қайта ишлаш қувватига эгадир.

Танишувда ҳозирда 20 та қудуқда бурғилаш ишлари якунланиб, 11 та газ қудуғи синовдан муваффақиятли ўтгани, заводнинг лойиҳалари ва қурилиши “Shell” компаниясининг лицензияланган технологиялари асосида олиб борилаётгани эътироф этилди.

Бугунги кунда ҳар бир технология, саноат зоналари аҳолига зарар етказмаслик, атроф-муҳитни ифлослантирмаслик нуқтаи назаридан амалиётга татбиқ қилинмоқда. Марказий Осиёда ягона завод халқаро экологик талаблар асосида қурилиб, ишлаб чиқаришдаги зарарли чиқиндиларни 99 фоиз зарарсизлантириш имкониятига эга экан. Шунингдек, унинг ўзини ўзи генерация қилиш технологиялари ортиқча қувватни аҳолига узатиш имконини бериши маълум қилинди.

Газни қайта ишлаб қўшимча қиймат яратиш хусусиятига эга мазкур мажмуа бунёд этилишида 7 мингдан ортиқ ишчи ва махсус техникалар ишламоқда. Лойиҳанинг биринчи босқичи келгуси йил май ойида ишга туширилиб, 2025 йилда тўла ишлаб чиқаришга йўналтириши билан бирга, мамлакатимизда саккизинчи газ-кимё мажмуаси бўлмиш Сурхондарёдаги энг йирик саноат корхонаси бўлиб қолади, унда 1050 нафар аҳоли доимий иш билан таъминланади.

– Бойсунликлар ўз туманида шундай улкан завод қурилгани, минглаб янги иш ўринлари пайдо бўлганини сезиши керак. Энди бу мажмуа атрофида турдош соҳаларни ривожлантириш лозим, – деди ўшанда Президент.

Бугунги кунда аҳоли сони ошиши ҳисобига электр энергиясига бўлган талаб ошиб бораётгани сир эмас. Электр бўлса, ҳудудларда маиший хизматлар, оилавий тадбиркорлик ва бошқа соҳаларда узликсиз ривожланиш бўлади. Технологик тараққиёт замонида ҳатто қишлоқ жойларда ҳам ижтимоий-иқтисодий ривожланиш қисман электр энергияси узлуксизлиги билан боғлиқ.

Давлатимиз раҳбари Сурхондарё вилоятидаги "Тўпаланг" гидроэлектр станциясига бориб, модернизация ишларини кўздан кечираркан, аввало, аҳоли турмуш даражасини яхшилаш, талабини қондириш ва пировард мақсадларда узлуксиз энергия ишлаб чиқариш борасида кўрсатмалар берди.

Бунинг учун ҳудудлардаги сув ресурсларидан унумли фойдаланиб, гидроэнергетикани ривожлантиришга аҳамият қаратди. Дарҳақиқат, Сурхондарёдаги "Тўпаланг" гидроэлектр станцияси 2006 йилда ишга туширилган бўлиб, 30 мегаватт қувватли иккита агрегат билан иш бошлаган эди.

Ҳукумат дастури асосида 2019 йилдан иккита гидроагрегат қуриш ҳисобига бугунги кунда сиғими 380 миллион куб метрдан 500 миллионга етказилди. "Тўпаланг" ГЭСининг умумий қуввати айни пайтда 175 мегаваттга етиб, “Чорвоқ” ГЭСидан кейин мамлакатимиздаги иккинчи йирик станция даражасига чиқди.

Давлатимиз раҳбари бу ишларни кенгайтириб, ҳар бир сой, имконияти бор ҳар бир маҳаллада микро ГЭСлар барпо этиш бугун ҳаёт талаби эканини, буни қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

Ҳақиқатан Сурхондарёда табиий имкониятлар катта. Хусусан, давлатимиз раҳбари кўмир қазиб олишга ҳам алоҳида эътибор қаратди. Ҳудудда 82 миллион тонна кўмир захираси борлигини ҳисобга олсак, 541 минг тонна қазиб олиниши бу йилги куз-қиш мавсумига тайёргарлик пухта амалга оширилаётганидан далолат беради. Бу ҳажмни 2 миллион тоннага етказиш, ижрода мутахассислар тайёрлаш зарурлиги бўйича давлатимиз раҳбари алоҳида топшириқ берди. Зеро халқни рози қилиш ва фаровонлигини оширишда ҳали ишлатилмаган табиий ресурсларни ишга солиш бугун давр талабидир.

Таъкидлаш жоизки, Сурхондарё вилояти кейинги йилларида индустриал ҳудудга айланиб бормоқда. Пахта хомашёси етказиб бериш ҳудудидан саноат зонасига айланаётган улкан вилоят Янги Ўзбекистоннинг халқаро форматдаги иқтисодий ислоҳотларида стратегик аҳамиятга касб этади.

Кенг кўламли жозибадор инвестицион ислоҳотлар туфайли 2017-2020 йиллар давомида вилоятнинг ялпи ҳудудий маҳсулоти 17 фоизга ўсиб, 12 триллион сўмдан 24,9 триллион сўмга етди. Сўнгги беш йилда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 2,2 триллион сўмдан 5,3 триллион сўмга етиб, 19 фоизга ошди.

Ўтган беш йил давомида вилоятда 5 560 квадрат метр уй-жой фойдаланишга топширилди, мактабгача таълим муассасаларида 12,7 минг ўрин, мактабларда 41,1 минг ўрин, шифохонада 2,9 минг ўринга мўлжалланган койкалар жойлаштирилди. Бундай туб иқтисодий ўсишлар қилинган меҳнатларнинг ҳосили.

Таъкидлаш жоизки, Сурхондарёнинг табиий иқлим шароити бошқа ҳудудлардан фарқ қилиб, воҳада икки-уч марта ҳосил олиш, иссиқсевар ўсимликлар етиштириш имконияти мавжуд. Замонавий корхоналар ташкил этилиб, янги иш ўринлари яратилмоқда. Қишлоқ хўжалиги, кичик бизнес изчил ривожланмоқда.

Бундан ташқари, вилоятда фойдали қазилмалардан нефть ва газ, тошкўмир, полиметалл, ош тузи конлари бор. Гипс, гранит, аргиллит каби қурилиш материаллари, минерал сувли булоқ кўп.

Сарҳисоб қиладиган бўлсак, ҳудудда 3 миллиард 300 миллион долларлик 4 та янги йирик саноат лойиҳаси ҳаётга татбиқ қилинмоқда.

Иқтисодий ислоҳотлар натижасида вилоят иқтисодиётига йилига 6,5 триллион сўм, бюджетига 1,6 триллион сўм, экспортига 100 миллион доллар қўшилади, 2 мингта юқори даромадли иш ўринлари ташкил этилмоқда.

Давлатимиз раҳбари ташрифда Сурхондарёда улкан иқтисодий ерости ва ерусти ресурсларидан оқилона фойдаланиб, келгуси йилда инвестициялар жалб қилинишини билдирди. Шу боис келгуси йили вилоятда 1,5 миллиард доллар инвестиция олиб келинади, саноатда 12 триллион сўм маҳсулот ишлаб чиқариш, экспортни 500 миллион долларга етказиб, 100 миллион доллар импортни қисқартиришга топшириқ берилди.

Хусусан, Сариосиёда қўрғошин, рух, олтин ва оқ мармар, Бойсун ва Сариосиёда кўмир, Шерободда калий ўғити захираларини ўзлаштириш ва тоғли ҳудудларда геология-қидирув ишларини кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Давлатимиз раҳбари ташриф давомида озиқ-овқат хавфсизлиги масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратди, табиий тупроқ-иқлим шароити билан эртаки маҳсулотларни етиштириш, кўчат ва уруғ бўйича муаммоларни бартараф этиб, Қишлоқ хўжалиги вазирлигига 10 та туманда in vitro лабораторияларини ташкил қилиш топширилди.

Бугунги кунда дала четларида қуритиш ва саралаш ускуналари ҳамда кичик совутгичлар ўрнатиш бўйича инновацион ёндашувлар мамлакатимизга татбиқ қилинмоқда. Вилоятда 100 минг гектарда ихчам иссиқхоналар ташкил қилиб, барра пиёз, брокколи, розмарин, руккола, қизил райҳон, ялпиз каби экспортбоп экинлар етиштирилиши режалаштирилди.

Жанубий Корея билан ҳамкорликда 50 миллион долларлик логистика хаби ташкил этилиши бўйича 4 та туманда сақлаш, қуритиш ва саралаш марказлари иш бошлайди.

Иқлим ўзгариши шароитида кўп сув талаб қилмайдиган пахта нави, хусусан, ингичка толали ғўза 15 фоизгача кам сув талаб қилиш ва эрта пишиши ҳисобга олиниб, ушбу нав майдонларини 50 минг гектаргача кенгайтиришга кўрсатма берилди. Аҳолини иш билан таъминлаш мақсадида уни қайта ишлашни 30 фоизга етказишга сармоялар йўналтирилди.

Йиғилишда давлатимиз раҳбари сув танқислиги боис вилоятда 80 фоиз ерлар насос орқали суғорилиши, сув таннархи 2 баробар қимматлашгани учун 20 миллион киловатт соат электр ортиқча сарфланаётганини ҳисоблаб берди.

“Сув – текин эмас”, деган ғоя билан ишлаш, яшаш лозимлиги илгари сурилди ва ирригация тизимларидаги камчилик бартараф этилиши ишлари бошланди.

Давлатимиз раҳбари сурхон ёшларини иш билан таъминлашда вилоятнинг туризм салоҳиятига алоҳида тўхталди. Ҳудудда “Далварзинтепа” каби қадимий ёдгорликлар кўплиги ҳисобига айни пайтда 600 дан зиёд маданий мерос ва туризм манзиллари фаолият юритаётгани катта имконият экани қайд этилди. Вилоятда I-ХII асрларга оид “Марказтепа” каби юзлаб археология ёдгорликлари ҳисобига очиқ осмон музейини ташкил қилиш таклифи қўллаб-қувватланди.

Мазкур ёдгорликларга хориждан экспедиция жалб этилиб, глобал тармоқда оммалашиши ҳисобига ўнлаб маҳалла туризм қишлоғига айлантирилиши бошлаб юборилди.

Туристик меҳмонхоналар маиший савдо хизматларини ташкил қилиш бўйича 200 миллион долларлик лойиҳалар амалга оширилиши таъкидланди. Вилоятдаги улкан ижтимоий-иқтисодий, қишлоқ хўжалиги ва индустриал ишлаб чиқариш кўлами кенгайиши ҳисобига аҳоли ва ёшлар ҳаётида ижтимоий давлат инфратузилмалари шаклланади. Ишсизлик барҳам топиб, камбағаллик йўқолади.

Бундай янгиланиш ва индустриал конструктив жадал ислоҳотлар Янги Ўзбекистон ижтимоий давлат сифатида тараққий этаётганини англатади.

Қўнғиротбой ШАРИПОВ,

Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори.

ЎзА