Бугун ҳам Марказий ва Жанубий Осиё бозорлари ўртасидаги ишончли савдо ва транспорт коммуникацияларини яратиш ҳар қачонгидан долзарбдир.
Янги тарихнинг бир йили
VII қисм
“Бугун ҳам Марказий ва Жанубий Осиё бозорлари ўртасидаги ишончли савдо ва транспорт коммуникацияларини яратиш ҳар қачонгидан долзарбдир”
18 январь. Давлатимиз раҳбари Гандинагар шаҳрида “Жўшқин Гужарат – 2019” халқаро саммити доирасида Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Моди билан учрашди. Унда Андижонда Ўзбекистон – Ҳиндистон минтақалари бизнес-форумини жорий йил ўтказиш ғоясини илгари сурди.
Президентимиз, шунингдек, 2020 йилда Ҳиндистонда “Ўзбекистон маданияти йили”ни ҳамда Ўзбекистонда “Ҳиндистон маданияти йили”ни ўтказиш, 2019 йилда юртимизда Ўзбекистон – Ҳиндистон Ёшлар фестивалини ташкил қилиш таклифини билдирди.
21 январь. Бельвю саройида бўлиб ўтган Президент Шавкат Мирзиёев билан Президент Франк-Вальтер Штайнмайернинг учрашувида давлатимиз раҳбари “Марказий Осиё + Германия” форматида мулоқотларни йўлга қўйиш таклифини ўртага ташлади.
24 март. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Абу-Даби Амирлиги валиаҳди Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаённинг таклифига биноан расмий ташриф билан Бирлашган Араб Амирликларига борди. Ташриф доирасида умумий қиймати 10 миллиард доллардан ортиқ бўлган келишувларга эришилди.
28-29 май. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан, Германия Федератив Республикаси Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлди. Икки давлат раҳбарлари музокаралари натижасида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси билан Германиянинг "Integra GmbH" ва "Vamed Engineering GmbH" компаниялари ҳамкорлигида Тошкент шаҳрида Ядровий тиббиёт ва нурли терапия марказини ташкил этиш бўйича битим тузишга эришилди.
“Хавфсизлик – бўлинмас, ишонч эса унинг фундаментал асосидир”
14-15 июнь. Президент Шавкат Мирзиёев Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг бешинчи саммитида нутқ сўзлади ҳамда иштирокчи мамлакатларнинг тинчликни мустаҳкамлаш, ижтимоий-иқтисодий тараққиётни рағбатлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга қаратилган қатор муҳим ташаббусларни баён этди. Жумладан, Ўзбекистон Афғонистон бўйича тинчликка эришишга қаратилган ҳар қандай форматдаги музокараларни қўллаб-қувватлаши таъкидланди.
14 июнь. Бишкек шаҳрида ўтказилган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар Давлат раҳбарлари кенгаши саммити доирасида Президентимиз «ШҲТ – Афғонистон» мулоқот гуруҳининг «Йўл харитаси» қабул қилиниши, мазкур мамлакатнинг минтақавий ҳамкорликка фаол жалб этилиши муҳимлигини қайд этди.
Шавкат Мирзиёев халқларимизнинг тарихий-маданий мероси тарғиботини кучайтириш, туризм салоҳиятини тўла рўёбга чиқариш муҳимлигини инобатга олган ҳолда, ҳар йили аъзо мамлакатлар шаҳарларидан бирини ШҲТнинг туристик ва маданий пойтахти деб эълон қилиш таклифини билдирди.
“Биз олий даражадаги минтақавий мулоқотни ривожлантиришнинг сифат жиҳатидан мутлақо янги босқичига кўтарилдик”
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистон Республикаси Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоев билан 2017 йилда олий даражадаги мулоқотларида эришилган келишувга кўра, 2018 йилда Қозоғистонда Ўзбекистон йили ва 2019 йилда Ўзбекистонда Қозоғистон йили ўтказилди.
15 октябрь. Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг еттинчи саммитида Ўзбекистон илк бор тўла ҳуқуқли аъзо сифатида иштирок этди.
Саммитда Шавкат Мирзиёев Кенгашга аъзо мамлакатлар аҳолисининг 40 фоизидан ортиғи ёшлар эканидан келиб чиқиб, уларни тадбиркорликка кенг жалб этиш мақсадида Туркий Кенгаш доирасида Ёш тадбиркорлар форумини таъсис қилиш ва унинг биринчи йиғилишини 2020 йил Ўзбекистонда ўтказишни таклиф қилди.
Кенгашга аъзо мамлакатларнинг замонавий адабиёт ва санъат, тарих ва меъморчилик соҳасида улкан ютуқларга эришган ижодкорларини рағбатлантириш мақсадида Халқаро ТУРКСОЙ мукофотини таъсис этиш фикрини билдирди.
25 октябрь. Нукус шаҳрида БМТ шафелигида “Оролбўйи – экологик инновациялар ва технологиялар зонаси” мавзуида ўтказилган халқаро анжуманда Президентнинг учта ташаббуси: Оролбўйида экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудини ташкил этиш концепцияси лойиҳаси, Оролбўйи минтақасини “Экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди” деб эълон қилиш тўғрисидаги БМТ Бош ассамблеясининг махсус резолюцияси, Марказий Осиёда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича минтақавий дастур тақдимоти ва муҳокамаси ўтказилди.
29 ноябрь. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан пойтахтимизда Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг иккинчи Маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди. Унда давлатимиз раҳбари Тошкентда Марказий Осиё мамлакатлари инвестициявий форумини ташкил этиш, савдо-саноат палаталари раҳбарлари учрашувларини ҳар йили ўтказишни таклиф қилди.
Марказий Осиёнинг ягона, кўпчилик танийдиган туризм бренди, минтақа учун умумий бўлган жозибадор туризм маҳсулотларини шакллантириш мақсадида «Марказий Осиё бўйлаб саёҳат» халқаро туризм конференцияси ўтказиш ғоясини илгари сурди.
18 декабрь. Давлатимиз раҳбарига Нагоя университети фахрий доктори унвони берилди.
Бундай муҳим воқеликлар жуда кўп ва давомли
2019 йил мамлакатимиз ички ва ташқи ҳаётида демократик ислоҳотларга бой давр бўлди. Бу каби юксак ўзгаришлар гувоҳи бўлаётган фақат биз эмас – бутун жаҳон. Мана, бунинг биргина исботи: Озарбайжонда 2006 йилдан буён нашр этиб келинаётган “Tarixi Şəxsiyyətlər” (“Тарихий шахслар”) журнали Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги имижини яхшилаш билан бирга мамлакат тараққиёти ва равнақига қўшган улкан ҳиссаси учун 2019 йилда Президент Шавкат Мирзиёни “Йил одами” деб эълон қилинди.
Яна бир мисол. ХХР Ташқи ишлар вазирлигининг Хитой халқаро муаммолар академияси мувофиқлаштируви остида 2019 йилнинг декабрь ойида «Президент Мирзиёев – Ўзбекистондаги ислоҳотлар даврининг меъмори» номли асар кенг жамоатчиликка тақдим этилди. Асарда Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон бугуни ва келажаги ҳақидаги стратегик қарашлари, унинг Марказий Осиё минтақасида ШҲТ ҳамда Евроосиё ҳудудида хавфсизлик ва тараққиёт таъминланишида тутаётган фаол ўрни ўз ифодасини топган.
Оддий қилиб айтганда, дунё Президент Шавкат Мирзиёевни яна бир бор тан олди, Ўзбекистонни янада яқиндан таний бошлади.
Янги йил бошланди
2019 йил давлатимиз раҳбари бошчилигида кўплаб ёрқин воқеалар билан ниҳояланди. Аммо Ўзбекистон учун, халқимиз учун юксалишнинг янги манзиллари сари баланд парвоз энди бошланмоқда. Чунки Президентимиз таъбири билан айтганда, Ўзбекистондаги демократик жараёнлар энди орқага қайтмайдиган, муқаррар тус олди. Бу ёрқин келажакнинг катта ютуқлари, зафарлари билан ўз исботини топади. Тан олиш керак, биз одимлаётган йўл машаққатли, манзилимиз ҳали узоқ. Бироқ мақсадимиз аниқ – буюк келажак барпо этиш. Бугун ана шу улкан орзуга элтадиган, бизни янада дадиллик, қатъийликка етаклайдиган яна бир улуғ даврнинг қутлуғ остонасига ишонч билан қадам қўйдик. Халқимиз, Президентимиз, Ўзбекистонимиз учун асрларга татигулик янги-янги ютуқлар дебочаси, ўз номи ва моҳиятига кўра, Янги йил бошланди.