Улгуржи истеъмолчилар 85 миллиард сўм миқдорида табиий газдан ноқонуний фойдаланган – Энергетика вазирлиги
Жорий йилнинг январь ойида Ишчи гуруҳлар томонидан ўтказилган назорат тадбирларида 614 та ҳолатда улгуржи истеъмолчилар томонидан 85 миллион метр куб ҳажмда, яъни 85 миллиард сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланди.
Ўрганишларга кўра, газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари, асосан Бухоро вилоятида 37,9 миллион метр кубни, Қашқадарёда 25,1 миллион метр кубни, Тошкент вилоятида 13,2 миллион метр кубни, Навоийда 3,5 миллион метр кубни, Фарғонада 1,3 миллион метр кубни ташкил этган.
Бунда АГТКШларда 20 та, иссиқхоналарда 30 та, ишлаб чиқариш корхоналарида 39 та, умумий овқатланиш шохобчаларида 164 та ноқонуний ҳолат аниқланди.
Мазкур ҳолатлар юзасидан расмийлаштирилган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига юборилди, дейилади Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабарида.
ЎзА