Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қулай имкониятлар – тараққиёт омили
14:04 / 2016-01-27

Андижон вилоятининг Хонобод шаҳридаги “Lens textile invest” масъулияти чекланган жамиятида ишлаб чиқарилаётган турли трикотаж маҳсулотлари юқори сифати ва ўзига хос дизайни билан харидорларга манзур бўлмоқда.

Андижон вилоятининг Хонобод шаҳридаги “Lens textile invest” масъулияти чекланган жамиятида ишлаб чиқарилаётган турли трикотаж маҳсулотлари юқори сифати ва ўзига хос дизайни билан харидорларга манзур бўлмоқда.

Президентимиз раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани, барқарор ишлаши учун зарур имтиёз ва имкониятлар яратиб берилаётгани ишлаб чиқариш ҳажми ва маҳсулот сифатини янада оширишда юксак самаралар бермоқда. “Lens textile invest” корхонасида ҳам ишлаб чиқариш ҳажми йилдан-йилга ортмоқда. 2015 йилда бозорга 1 миллиард 200 миллион сўмлик 700 минг донадан зиёд тирикотаж маҳсулотлари чиқарилди.

2012 йилда ташкил этилган корхонага инвестиция киритиш шарти билан шаҳар ҳудудидаги фойдаланилмай турган собиқ “Фотон” ишлаб чиқариш корхонасининг биноси ноль қийматда берилди. "Ўзсаноатқурилишбанк"нинг Хонобод филиалидан олинган 500 миллион сўм кредит ва жамиятнинг айланма маблағлари ҳисобидан 1 миллиард 680 миллион сўм ҳамда 240 минг доллар миқдорида инвестиция киритилди. Бино реконструкция қилиниб, капитал таъмирланди. Хориждан компьютерлашган махсус дастур асосида ишловчи замонавий тикув ва тўқув дастгоҳлари келтириб ўрнатилди. 200 нафар ишчи билан фаолият бошлаган корхонада бир неча турдаги трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Интилиш, изланиш бор жойда, шубҳасиз, юксалиш бўлади. Корхона фаолиятининг дастлабки давриданоқ қатъий тартиб асосида иш олиб борилди, тайёрланаётган маҳсулотлар сифатига алоҳида эътибор қаратилди. Натижада корхона маҳсулотларига бўлган талаб ортди, ички бозордан мустаҳкам ўрин эгаллади. Шунга яраша ишчи-хизматчиларнинг даромади ҳам ошди.

Ўтган йилларда янги тикув, тўқув ва матога гул босадиган замонавий дастгоҳлар келтириб, ишга туширилди.Айни пайтда корхонанинг тўқув, тикув, бўёқ, гул босиш, дазмоллаш, қадоқлаш участкаларида 300 дан зиёд дастгоҳ ишлаб турибди. Махсус иситиш, ҳаво тозалаш тизимлари ўрнатилгани қишин-ёзин бино ичида ҳаво ҳарорати мўътадиллигини таъминлайди.

Корхона турли савдо кўргазма ва ярмаркаларида, “Ташаббус” кўрик-танловида муваффақиятли иштирок этиб келмоқда.

– Президентимиз раҳнамолигида янги саноат корхоналари ташкил этиш, мавжудларини модернизация қилиш, ишлаб чиқаришга илғор технологияларни жорий этиш, умуман, маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва уларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди “Lens textile invest” масъулияти чекланган жамияти директори Иномжон Раҳимов. – Корхонамизда болалар, аёллар кийимлари, футболкалар, умуман, 200 дан зиёд турдаги трикотаж маҳсулотлари тайёрланмоқда. Жорий йилда ишлаб чиқариш ҳажмини янада ошириш, жумладан, 600 минг долларлик волейбол, баскетбол, футбол, стол тенниси, катта тенис ва бошқа спорт либослари тайёрлашни йўлга қўйишни ҳам режалаштирганмиз. Маҳсулотимизни экспортга чиқариш устида иш бошлаб юборилган.

Корхонада меҳнат қилаётган 280 ишчи-ходимнинг аксарияти касб-ҳунар коллежларини битирган ёш мутахассислардир. Уларнинг самарали ишлаши учун барча шароит муҳайё. Ишчилар махсус кийимлар, транспорт хизмати билан таъминланган, замонавий дам олиш ҳамда тиббиёт хоналари ташкил этилган.

Корхонада касб-ҳунар коллежлари билан мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатилган. Амалиёт жараёнида ишни пухта ўзлаштирган ёшлар билан меҳнат шартномаси тузилади. Ўтган йили 24 нафар коллеж битирувчиси ишга қабул қилингани сўзимиз исботидир.

– Ишлаб чиқариш амалиёти давомида замонавий тикув дастгоҳларида ишлашни пухта ўзлаштирдим, – дейди Хонобод сервис ва ижтимоий иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи битирувчиси Меҳринисо Ўринбоева. – Ўқишни битиргач, тикув цехига ишга қабул қилиндим. Мана шундай замонавий корхонада ишлаётганимдан хурсандман.