French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қулай имконият ва имтиёзлар самараси
14:53 / 2015-11-13

Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманидаги паррандачилик фабрикалари томонидан жорий йилнинг ўтган даврида 1 миллион донадан зиёд тухум ва 9 минг тоннадан ортиқ товуқ гўшти сотилди.

Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманидаги паррандачилик фабрикалари томонидан жорий йилнинг ўтган даврида 1 миллион донадан зиёд тухум ва 9 минг тоннадан ортиқ товуқ гўшти сотилди.

“Ohangaron chiсken industry” масъулияти чекланган жамиятида замонавий технология ва ускуналар ўрнатилгач, иш сифати ва самарадорлиги янада ошди.

– Товуқларни бешикаст парваришлаш мақсадида ҳудуддаги ветеринария муассасаси билан ҳамкорлик ўрнатганмиз, – дейди “Ohangaron chiсken industry” раҳбари Фарҳод Маҳмудов. – Ана шу ҳамкорлик самарасида паррандаларни тўғри озиқлантиришни йўлга қўйганимиз ўз самарасини бераётир. Парваришланаётган 80 мингга яқин товуқдан кунига 50 минг дона тухум олинмоқда. Жамиятимизда 15 киши меҳнат қилаётир. Келгусида ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш режалаштирилган. Бу иш амалга ошса, яна ўнга яқин янги иш ўрни яратилади. Бундай ютуқларга эришишимиз замирида Президентимизнинг биз, тадбиркор ва фермерларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётгани, эмин-эркин фаолият юритишимиз учун яратиб берилаётган шароит ва имкониятлар мужассам.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда фермер хўжаликларининг фаолият қамрови ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳамда қайта ишлашдаги иштирокини кенгайтириш, хусусан, паррандачиликни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар юксак самаралар бермоқда.

Президентимизнинг 2012 йил 22 октябрдаги “Ўзбекистонда фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида Тошкент вилоятида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Паррандачилик хўжаликлари қулай ва замонавий товуқ катаклари билан тўлиқ таъминланди. Уларда ҳаво ҳароратини мақбул меъёрда сақлаш, сув ва озуқа билан автоматик таъминлаш йўлга қўйилган.

Қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, вилоятда икки юзга яқин паррандачилик фермер хўжалиги фаолият юритмоқда. Уларнинг ҳар бирида уч юздан уч мингтагача парранда парваришланаётир. Жорий йилнинг ўтган даврида мазкур хўжаликлар томонидан ички бозорга 15 миллион донага яқин тухум, икки юз эллик минг тоннадан зиёд гўшт етказиб берилган.

Молия муассасаларининг кўмаги ва фермер хўжаликларининг ўз маблағлари эвазига ташкил этилган янги хўжаликларда беш юзга яқин янги иш ўрни яратилди. Бу аҳоли бандлигини таъминлаш, дастурхонига файз-барака киритиш баробарида, иқтисодиётимизнинг янада юксалишига хизмат қилаётир.

Мутахассисларнинг айтишича, бу соҳада тез маҳсулот етиштириш ва фойда олиш мумкин. Кўп харажат талаб қилинмайди. Хона ҳарорати мўътадил, озуқа етарли бўлса, кифоя. Масалан, гўшт етиштириш учун парваришланаётган товуқ 40 кун ичида бемалол 2 кило тош босади. Битта товуқдан йилига 305-315 донагача тухум олинади.

Буни яхши тушунган мутасаддилар паррандачилик хўжаликларининг моддий-техник базасини янада яхшилашга киришди. Товуқ фабрикаларида иқтисод қилинган маблағ ишлаб чиқаришни кенгайтиришга йўналтирилди. Озуқа таркиби ва касалликлар текшириладиган замонавий лабораториялар ташкил этилди. Ветеринария хизмати яхши йўлга қўйилгани туфайли хавфли касалликларнинг олди олинаётир. Бу борада ҳам замонавий технологиялар имкониятларидан кенг фойдаланилмоқда.

Маълумотларга кўра, илгари жўжалар 150 кунда тухумга кирган бўлса, энди бу муддат 50-53 кунгача қисқарди. Парҳез гўшт етиштириш жараёни 40-45 кунни ташкил этаётир. Маҳсулдорликни ошириш мақсадида элликдан ортиқ инкубатор фаолияти йўлга қўйилиб, ундан олинган жўжалар шартнома асосида янги ташкил этилган хўжаликлар ва аҳолига етказиб берилмоқда. Буни Юқори Чирчиқ туманидаги “Парранда саноат барака” фермер хўжалиги фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин.

Фермер Бахтиёр Қосимов четдан келтирилган зотдор товуқларни касаллантирмай, бешикаст парвариш қилиш учун ҳудуддаги ветеринария муассасаси билан шартнома тузди. Бу ерда парваришланаётган 170 мингдан ортиқ товуқдан кунига 50-60 минг дона тухум олинмоқда.

“Парранда саноат барака”да нафақат тухум, балки парҳез гўшт маҳсулотлари етиштириш ҳам йўлга қўйилган. Жорий йилнинг ўтган даврида мазкур хўжалик истеъмол бозорига 100 тоннага яқин парранда гўшти етказиб берди. Айни пайтда хўжалик таркибида яна 100 минг товуққа мўлжалланган товуқхона қурилмоқда. 147 гектар майдонда боғ барпо этилаётир.

Ишчи-хизматчиларнинг меҳнати муносиб рағбатлантирилаётгани эришилаётган муваффақиятларда муҳим омил бўлмоқда. Хўжаликда меҳнат қилаётган 30 дан зиёд ишчининг аксарияти ёшлар. Келгусида ишлаб чиқариш кўламини яна кенгайтириш ҳисобига янги иш ўринлари яратиш кўзда тутилган.