Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Уларга меҳрдан ҳам кўпроқ эътибор зарур(+видео)
17:58 / 2021-10-29

Ҳар бир ота-она туғилажак фарзанди соғлом дунёга келишини истайди. Афсуски, орамизда тақдир тақозоси туфайли имконияти чекланган ўғил-қизларни тарбиялаётган оилалар ҳам бор.

Тошкент вилояти, Оҳангарон шаҳрида жойлашган 7-имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган ёрдамчи мактабда ҳам 210 нафар имконияти чекланган бола таҳсил олади. Бу болаларнинг 40 нафари 2 гуруҳ ногирони. Уларга 50 нафар ўқитувчи таълим-тарбия беради.  

Оҳангарон худудида яшовчи ота-оналар ҳар куни эрталаб соат 8:00 да фарзандларини мазкур мактабга ташлаб кетади. Соат 14:00 гача болалар мактаб қучоғида бўлади. Тўғрисини айтсак, имконияти чекланган бола ўстираётган ота-оналар топган маблағини кўпроқ фарзандини даволатиш, дори-дармон сотиб олишга сарфлайди. Шу сабаб баъзида ота-оналар болаларининг таълимига эътибор беролмай қолади. Иқтисоднику бир амаллаш мумкиндир, аммо кўп ҳолларда бундай болаларни оддий мактабларга беришганида атрофдагилар уларга айрича кўз билан қараётгани, яъни одамларнинг салбий муносабати уларнинг қалбини оғритади. Шу сабабли ҳам бу мактабда таҳсил олаётган болаларнинг қалби ҳам, орзулари ҳам, дарди ҳам бир хил. Бу масканда ҳеч ким бир-бирини таҳқирламайди, жисмоний камчилигини айтиб, устидан кулмайди. Болалар бу ерда ўзларини жудаям эркин, хушчақчақ ҳис этади.  

Мактаб бўйлаб уюштирган репортажимиз жараёнида болажонларнинг бир кунлик ҳаётлари билан танишдик.  

– Мактабимиз ўқувчилари спорт, мусиқа, компьютер тўгаракларидан ташқари ижтимоий ҳаётга ҳам йўналтирилади, – дейди меҳнат фани ўқитувчиси Наргиза Мирисманова. – Эртага катта ҳаётга қадам қўйганида ўзини-ўзи эпласин, деган мақсадни амалга ошириш бизнинг энг биринчи вазифамиз. Айниқса, ақлий қолоқликнинг ўрта ва енгил даражасидаги болаларни  ўзини бошқаришга ўргатиш учун кўпроқ қўл меҳнати орқали  уй рўзғор буюмларини ясашга ўргатамиз.  

Мактаб директори Дилбар Мамедова мактабда мавжуд шароитлардан ташқари муаммолар ҳам борлигини айтиб ўтди.  

– Имкони бўлса мактабимиз ўқувчилари учун қишки спорт зали қуриб берилса, – деди Д. Мамедова. – Чунки бу болалар энергиясини нимагадир сарфлаб туришини таъминлашда жудаям зарур. Имконияти чекланган болаларнинг ҳаётга чанқоқлик билан қарашида, ютуқларга эришишида асосан ота-онасининг ўрни беқиёс. Агар оиладагилар ўртасида ногирон деган фикр бўлмаса ва бундай болаларга ачиниш кўзи билан эмас, эътибор назари билан қаралса, албатта, келажакда улардан буюк инсонлар етишиб чиқади.  

Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, кўплаб машҳур инсонларнинг ҳам қайсидир маъонада имкониятлари чекланган бўлган. Мисол учун,  Альберт Эйнштейн болалигида жудаям секин гапирган,  уч ёшгача тили чиқмаган. Эйнштейннинг ютуқларида онаси Паулинанинг ўрни беқиёс. Ёки дунёга машҳур санъаткор Чарли Чаплинни олайлик. Чарли болалигида жудаям нимжон, касалманд бўлгани боис ҳатто уни мактабга ҳам қабул қилишмаган. Чарли XX асрнинг энг машҳур инсонига айланишида онаси Ханнининг санъатга ихлоси баландлиги муҳим роль ўйнаган.

Бугун ҳам орамизда имконияти чекланган бўлишига қарамай даврнинг қаҳрамонига айланаётган ёшлар талайгина. Айниқса, уларнинг спорт сохасида эришаётган ютуқларини эътироф этмай иложимиз йўқ.  

Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 10 сентябрь куни Токио паралимпиадаси иштирокчилари билан учрашувда пара-спорт бўйича юқори натижаларга эришган спортчи ва мураббийларни кенг жалб этган ҳолда, Миллий паралимпия қўмитаси таркибида “Матонат мактаби”ни ташкил этишни таклиф қилди.

Юртимиз спортининг шонли анъаналарини муносиб давом эттириб, дунёдаги энг нуфузли мусобақаларда Янги Ўзбекистон байроғини баланд кўтарадиган қаҳрамонлар  мана шу мактабдан етишиб чиқишига ишонамиз.

<iframe width="1440" height="700" src="https://www.youtube.com/embed/DbPgx3NugyE" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>

 

Нигора Раҳмонова,

Ёқуб Мелибоев (видео), ЎзА