Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Улар Ватанга ва Ўзбекистон халқига садоқатли бўлишга қасамёд қилдилар
15:39 / 2021-08-24

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Малака ошириш институтида Ички ишлар органларининг сафдорлар таркибига қабул қилинган ходимларнинг «қасамёд» қабул қилиш тантанали маросими ўтказилди, дея хабар беради ИИВ Малака ошириш институти матбуот хизмати.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси ИИВ раҳбарияти ва масъул ходимлари, Малака ошириш институти шахсий таркиби ҳамда профессор-ўқитувчилари ва бир қатор бошқа жамоатчилик ташкилотлари вакиллари, тингловчиларнинг ота-оналари ва яқинлари, шунингдек оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Ҳозирда институтда ички ишлар органларининг сафдорлар таркибига қабул қилинган 400 дан зиёд сафдор ходимлар навбатдаги бошланғич тайёргарлик ўқув курсида ўқимоқдалар. Улар ички ишлар органларига хизматига қабул қилиниши муносабати билан Ватанга муҳаббат ва эл-юртга садоқат, мамлакатимиз Президентига содиқликка қасамёд қилдилар.

Тадбирда сўзга чиққан, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари, генерал-майор Азизжон Икрамов институт тингловчиларини «қасамёд» қабул қилганликлари муносабати билан табриклади.

Институт раҳбари, полковник Олимжон Аҳмедов тингловчиларни қутлаб, бугунги кунда институт фаолиятини мутлақо янги тизимда ташкил этиш мақсадида бир қатор ташкилий ишлар амалга оширилаётганини айтиб ўтди.

Барчангизга маълумки, Давлатимиз раҳбарининг қарорига асосан Малака ошириш институти қайта ташкил этилди.

Малака ошириш институтини моддий техник базасини замон талаблари даражасига олиб чиқиш, профессор-ўқитувчиларнинг илмий салоҳиятини юксалтириш, тингловчиларга таълим беришда назарий ва амалиёт уйғунлигига эришиш, таълим жараёнида ўқитишнинг интерфаол усулларини қўллашга алоҳида эътибор қаратилиб, юксак маънавиятли, янгича фикрлайдиган, профессионал кадрларни тайёрлашга қаратилган.

Ўқув машғулотларида тингловчиларнинг касбий, ҳуқуқий, ижтимоий-сиёсий, жанговар, жисмоний, руҳий, тиббий тайёргарлигини таъминлашга қаратилмоқда.

Ҳар бир тингловчи мустақил равишда ўз устида ишлаши, билим, кўникма ва малакаларини, касбий ва муомала маданиятини ошириб боришлари бўйича йўл-йўриқлар кўрсатилди.

«Ички ишлар органларида маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш концепцияси» талаблари ижросини таъминлаш Ички ишлар органлари ходимларининг маънавий дунёқарашини кенгайтириш мақсадида ўқув машғулотларидан сўнг музей ва театрларга экскурсия уюштирилди, ҳар бир тингловчи «Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилиш - олий бурчимиз!» концептуал ғояси асосида хизмат қилишга ваъда бердилар.

- Мана ҳозиргина биз, барчангизни кўз ўнгингизда Ички ишлар органлари ходимларининг хизмат қасамёдини тантанали равишда қабул қилдик, - дейди 5-гуруҳ тингловчиси Баҳодиржон Маматқулов. – Ушбу тантана Мустақиллигимизнинг ўттиз йиллиги байрами арафасида бўлиб ўтмоқда. Бу эса биз ёшларга янада ифтихор, ғурур, куч ва ғайрат бахш этади.

Қасамёд қилган ҳар бир йигит борки, у она Ватанига, халқига аждодларига бўлган ҳурмати, меҳр-муҳаббати, садоқатини намойиш этади.

– Фарзандларимиз она Ватанимизга, Президентимизга, халқимизга муносиб хизмат қилиш йўлида қасамёд қабул қилишди, – дейди Бувинисо Турдалиева.

Ишонч билан айтаманки, фарзандларимиз, келажакда муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан ёшларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликларга муносиб жавоб берган ҳолда, Ватанимизнинг ишончли ҳимоячилари бўлиб етишишади.

 

Абдулазиз РУСТАМОВ, ЎзА