English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Улар Ўзбекистонда, Наманганда шифо топади(+видео)
14:54 / 2023-07-06

Юрак-қон томирлари касалликларини даволаш азалдан энг масъулиятли ва энг қиммат муолажа бўлиб келган. Шунинг учун фақат илм ривожланган, иқтисодий бақувват мамлакатлардагина кардиология марказлари фаолият юритади. Ўзбекистон ҳам улар қаторида. Биргина Намангандаги кардиология маркази шифокорларининг илмий, амалий салоҳияти, жарроҳлик амалиётида қўлланадиган замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланганлик даражаси юксаклиги туфайли наинки Ўзбекистонда, чет мамлакатларда ҳам танилган. 2022 йилнинг ўзида бу ерда 187 нафар чет элдан келган “аҳволи оғир” дея тавсифланган беморларда жарроҳлик амалиёти ўтказилди ва уларнинг барчаси соғайиб кетди.

Марказда соҳага чуқур ихтиосослашган мутахассислар жамоаси шаклланди. Вилоят ҳокимлиги ажратган 9 млн. долларга Европа мамлакатларидан келтирилган 50 турдаги 250 дан зиёд замонавий тиббиёт ускуна ва жиҳозлар туфайли даволаш, жарроҳлик амалиёти сифати ва натижадорлиги кескин ўсди. Ҳозирда Наманган кардиология марказида 85 турдаги амалиёт бажарилмоқда. Йил охирига бориб эса уни 112 турга етказиш режа қилинган. Биз марказда бўлган чоғда энг мураккаб жарроҳлик амалиёти тугалланган экан.

– Ҳозир ўпка артериясининг катта тромбларини тозалаш амалиётини қилдик. Авваллари бундай бемор консерватив усулда даволанарди. Аксарият ҳолатда у ўлим билан якунланган, - дейди Наманган кардиология маркази раҳбари, тиббиёт фанлари номзоди Солихон Мўминов. ­­–Ҳозир, сунъий қон айланиш шароитида юракни тўхтатиб шу амалиёт бажарилмоқда. Бугунгача 17 та шундай амалиёт ўтказилди.

Юракни тўхтатиб ўпкада амалиёт ўтказишга дунёнинг фақатгина тиббиёт юксак ривожланган мамлакатларида жазм қила оладилар. Яқин яқингача бундай беморлар асосан Исроил, Ҳиндистон, Германияга йўл оларди. Имкон тополмагани эса...

Наманган кардиомарказида яна бир илғор тажриба қўлланмоқда. Гап юрак хасталиги билан боғлиқ энг оғир жарроҳлик ҳақида бормоқда.

– Авваллари биз бундай амалиётни беморнинг кўкрак қафасини очиб, умумий наркоз остида бажарган бўлсак, ҳозир яратиб берилган юқори технологик асбоб-ускуналар билан жиҳозланиш натижасида кўкрак қафасини очмасдан, наркозсиз тери ва томир орқали кичик найчалар воситасида бажариш имкониятига эришдик, - дейди марказ бўлим бошлиғи Акмалжон Жалилов.

Бир, ҳатто икки оёғи кесилган, айтиш лозимки, тиббиёт иложсизлигидан оёғи кесилган инсонларни кўргансиз, албатта. Уларнинг аксарияти қанд касаллиги, оёқда қон айланмаслиги туфайли шу ҳолатга тушган.

– Авваллари қантли диабет касали бўлган беморларда қон томирларини очиш имкони бўлмагани учун оёқни сон соҳасидан кесишга мажбур бўлинган. Негаки қон айланишини тиклаш иложиси бўлмаган, – дейди марказ бўлим бошлиғи Носиржон Ҳудойбердиев. – Ҳозирги кунда марказимизга келтирилган янги жиҳозлар туфайли оёқ қон томирларида тромбоз рўй берганида томирдан кириб стенд қўйиш мумкин бўлди. Шу туфайли оёқни кесиш ҳолатлари 80 фоизга камайди.

Илм, тиббий тажриба шу даражага етдики, энди инсульт — миядаги майда томирлар билан боғлиқ хасталикнинг хавфлилик даражаси ҳам анча пасайди.

– Бош томирларида ҳам уларни очиш, микротомирларга стенд қўйиш мумкин бўлди. Энди инсульт бўлган бемор хушини йўқотмайди, тезда одатий ҳаётга қайтади, – дейди Носиржон Ҳудойбердиев. – Бу амалиётлар Наманган кардиология марказимизда бажариб келинмоқда.

Наманган кардиология марказида жарроҳлик амалиётидан шифо топган ўнлаб беморлар билан суҳбатлашдик. Видеорепортажимизга реклама аломатлари қўшилиб қолмасин дея уларнинг сўзларини келтирмадик. Аммо бир гапни айтмасак бўлмас. Улар оғир дардларига Ўзбекистонда, Наманганда шифо топдилар.

<iframe width="640" height="360" src="https://www.youtube.com/embed/p45Xd8-5YWA" title="УЛАР ЎЗБЕКИСТОНДА, НАМАНГАНДА ШИФО ТОПАДИ" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

 

Муҳаммаджон Обидов.

Элёр Олимов.