Улар бирлашиш нима эканлигини бутун дунёга кўрсатишди
Кўз тегмасин, сахий инсонлар Ўзбекистонда етарлича топилади.
2019 йилнинг декабрь ойида Хитойда аниқланган ушбу вирус Ухань шаҳрининг қаерда эканини билмайдиган одамларга, ҳозирга келиб шаҳарнинг аҳолиси неча кишидан иборат эканлигини билдириб қўйди. Қисқа вақт ичида дунёни қамраб олган отинг ўчгур “коронавирус” афсуски бизнинг жонажон ўлкамизни ҳам четлаб ўтмади. Шукурки вақтида кўрилган чоралар инфекциянинг мамлакатимизда “шунчаки саёҳат” қилиб юриши эҳтимолини камайтирди. Юртбошимиз айтганларидек, “Ўз соғлиқларини хатарга қўйиб, ватандошларимизнинг соғлиги учун курашаётган шифокор ходимларимизга чуқур миннатдорчилигимизни билдирамиз”.
Лекин бир нарсани унутиш керак эмас, “докторлар бор-ку”,”мутахаcсислар етарли”, деб ўтиришимиз ҳам бир томондан хато бўлиши мумкин. Афсуски, карантин қоидаларига беписандлик билан қараб, уни қўпол равишда бузиб, шунга яраша жазоланаётганлар ҳам бор. Ҳозирги кундаги сиздан энг катта ёрдам бу – УЙДА ҚОЛИШ!
Кўз тегмасин, сахий инсонлар Ўзбекистонда етарлича топилади. Мана бу жойда тадбиркор бепул ниқоб тарқатяпти, анави одам инсонларга озиқ-овқат улашаяпти, янги қурилаётган шифохоналарга қурилиш маҳсулотларини бепул беришди ва шунга ўхшаш жуда кўп хайрия ишларидан руҳан қувват олаяпмиз.
Коронавирус инфекциясига қарши кураш доирасида ташкил этилган “Ўзбекистон Меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фондига Ўзбекистон Бош прокуратураси, Ўзбекистон Республикаси Ички Ишлар Вазирлиги ва бир қатор ташкилотлар ёрдамларини аяшмаяпти.
Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ҳам вирусга қарши курашиш учун ўз ёрдам қўлини чўзди. Қўмита ходимлари “Биз халқимиз саломатлигига бефарқ эмасмиз!” шиори остида мазкур жамоат фондига беғараз ёрдам тариқасида ўзларининг бир кунлик иш ҳақларини ихтиёрий равишда ўтказиб бердилар.
Бундан ташқари, масофадан туриб ишлаш ва иш унумдорлигини таъминлаш бўйича барча давлат ва нодавлат идоралар учун Давергеодезкадастр қўмитаси мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган “Аудио конференция“ (аудио селектор) тизимини бепул тақдим этилди.
Давлат идорасига келмасдан қўмитанинг 12 та хизматидан масофадан туриб интернет тармоғи орқали фойдаланиш имконияти яратилди.
Ўзбек халқининг ҳамжиҳатлиги, бир оилалиги, ёмон кунларда ҳар доим бир-бирига суянч бўлишини ҳар ким ўз талқинида намоён этмоқда. Мақсад эса бир – чақирилмаган “меҳмон” яқинларимизга озор етказмасин!
“Ўзбек” халқининг иродасидан бошқа миллатлар андоза олиши рост. Иккинчи жаҳон урушини эсланг.
Ўша даврда ота-боболаримиз, момоларимиз нимага бутун дунё ҳурматига, эҳтиромига сазовор бўлишди экан? Жавоб оддий – улар бирлашиш нима эканлигини ҳаммага кўрсатишди.
Келинг, шу сафар ҳам барчага ўрнак бўлайлик.
Гигиена қоидаларига риоя қилайлик! Уйда қолайлик! Шунда биз тез орада яна ўзбегимнинг шўх кулгиларини, тўйларимизнинг завқини ҳис қиламиз!
Давергеодезкадастр қўмитаси