Мўғулистон пойтахти Улан-Батор шаҳрида биринчи марта Осиё университетлари спорт федерациясининг анжумани бўлиб ўтди. Анжуманда университетларнинг спорт ташкилотлари, федерация ва ассоциация раҳбарлари иштирок этди.
Ўзбекистон талабалар спорти ассоциацияси вакиллари ҳам анжуманда фаол қатнашди. Улар томонидан мамлакатимизда талабалар спортини ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини оммалаштириш ва спорт инфратузилмасини такомиллаштириш йўналишида амалга оширилаётган ишлар ҳақида тақдимот қилинди.

Ўзбекистон делегациясининг тақдимоти Осиё университетлар спорти федерацияси раҳбарияти томонидан энг яхши тақдимотлардан бири сифатида эътироф этилди. Федерация мутасаддилари Ассоциациянинг бир қатор лойиҳаларини юқори баҳолаб, уларни қўллаб-қувватлаш ҳамда амалиётга татбиқ этиш бўйича келишувларга эришди.
Бу эътироф Ўзбекистон талабалар спортининг халқаро майдондаги нуфузини янада ошириб, мамлакатимиз ёшларини спортга кенг жалб этишда муҳим аҳамият касб этади.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА