Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов Мўғулистоннинг Улан-Батор шаҳри мэри ва губернатори Хишгеэ Нямбатар билан учрашув ўтказди.
Тошкент шаҳар ҳокимлигида кечган учрашув давомида пойтахтларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, шаҳарсозлик, транспорт, коммунал хизмат кўрсатиш, туризм ва инвестицияларни жалб этиш соҳаларидаги устувор йўналишлар муҳокама қилинди.

Муҳокамалар давомида давлат раҳбарлари ташаббуси билан икки мамлакатда олиб борилаётган очиқлик ва шаффофлик сиёсати давлат ва маҳаллий бошқарув самарадорлигини оширишда муҳим ўрин тутаётгани таъкидланди.

Хишгеэ Нямбатарга Тошкент шаҳар ҳокимиятининг Вазиятлар маркази фаолияти ҳақида батафсил маълумот берилиб, шаҳар жараёнларини кузатиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва замонавий рақамли технологиялардан фойдаланган ҳолда фавқулодда вазиятларга тезкор муносабат билдириш бўйича марказ имкониятлари намойиш этилди.

Учрашув якунида минтақалараро ҳамкорликни янада кенгайтириш, тажриба алмашиш, пойтахтларни барқарор ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини юксалтиришга қаратилган қўшма ташаббусларни амалга оширишдан ҳар икки томон ҳам ўзаро манфаатдор эканликлари эътироф этилди.

Бу каби учрашувлар мустақил Ўзбекистоннинг жаҳон миқёсидаги ўрнини янада оширишга хизмат қилади. Негаки, ҳар қандай ҳамкорлик ортида биринчи навбатда ишонч муҳим аҳамият касб этади.
Шербек Исломов,
ЎзА