English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Украинанинг Россия томон одимлаши ва Ғазо бўйича “ўлик” сулҳ
22:30 / 2024-08-17

Ғазо келишуви

Ушбу ҳафта Фаластин Президенти Маҳмуд Аббос тез орада Ғазо секторига ташриф буюришини маълум қилди. Бу ҳақда у Туркия Буюк Миллат Мажлисининг Яқин Шарқдаги вазиятга бағишланган навбатдан ташқари йиғилишида гапирди.

Унга кўра, Фаластин халқи олдида турган тўсиқларни бартараф этиш йўли ўзаро мулоқот ва бирликка боғлиқ. – Биз Фаластиндаги гуруҳлар билан мулоқотни давом эттирамиз, – деди Аббос. – Бизда ҳам худди Туркиядагидек, турли сиёсий кучлар вакиллари, раиси ва ўринбосарлари фаолият олиб борадиган парламент шаклланиши мумкин.

Етакчи БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Фаластин масаласи бўйича резолюсияси лойиҳасини музлатиб қўйгани учун Қўшма Штатларни танқид қилди. Шунингдек, Туркияга ва шахсан Президент Режеп Таййип Эрдоғанга Фаластин халқини қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирди.

“Халқимиз қандай қилиб бўлса ҳам, босқинчиларни ҳайдаб чиқаради. Ғазо сектори, Ғарбий Соҳил ва Шарқий Қуддус мустақил Фаластин давлатини ташкил этувчи географик бирликнинг номидир. Тинчлик ва хавфсизлик сари йўл Фаластиндан бошланиб, Фаластин билан тугайди", деган Фаластин раҳбари.

Айни шу паллада Ғазода ўт очишни тўхтатиш бўйича тўхтаб қолган сулҳ музокоралари давом этди. Доҳада АҚШ, Исроил, Қатар ва Миср май ойи охирида АҚШ етакчиси Жо Байден тақдим этган сулҳ битимини якунлаш учун мўлжалланган дастур устида ишлашди.

АҚШ маъмуриятига кўра, Доҳадаги музокараларда томонлар қолган келишмовчиликларни бартараф этишга муваффақ бўлишди, Ғазода ўт очишни тўхтатиш бўйича келишув имзоланишга тайёр. Аммо бошқа манбанинг айтишича, Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати АҚШ томонидан таклиф қилинган Исроил билан ўт очишни тўхтатиш келишувининг янги таҳририни рад этган, чунки унда илгари ўзи томонидан қўйилган шартлар мавжуд эмас. 

“Ҳаракат ўз баёнотида янги таклифнинг аввалги келишилган талқиндан сезиларли даражада фарқ қилишини, яъни улар буни қабул қилишга тайёр эмаслигини билдирди”, дейилади хабарда.

Жумладан, Исроил Миср билан чегарада доимий ҳарбий жангчиларни жойлаштириш ва Ғазони иккига бўлувчи чизиқни ўрнатиш, унинг бир қисмида ҳаракат жангариларини аниқлаш мақсадида уйларига қайтган фаластинликларни тинтув қилиш таклифини киритган. ҲАМАС буни рад этган.

Ҳафта музокара ва келишувга эришиш руҳида кечган бўлса-да Яҳудий давлати аскарлари Ғазодаги юрушларини тиндирмади. Октябрдан буён 115 нафар янги туғилган чақалоқ ҳалок бўлган, 16 314 бола уруш қурбонига айланган.

Курск операцияси

Украина Россия томон одимламоқда. Украина шарқидаги Россия томонидан босиб олинган Донецк шаҳридаги савдо марказининг Украина томонидан ўққа тутилиши оқибатида камида икки киши ҳалок бўлиб, бир қанча одам яраланган. 

Белгород губернатори Вячеслав Гладков Россиянинг Украина билан чегарадош Белгород вилояти аҳолисини бешта қишлоқдан эвакуация қилмоқчи ва у ерга киришни ёпади. Чунки ҳудуд украиналик босқинчилар томонидан кучли ҳужумга учрамоқда. 

Украина армияси бошлиғи Александр Сирскийнинг айтишича, Киев қўшинлари Россиянинг Курск вилоятидаги баъзи ҳудудларда 1-3 км олдинга ўтмоқда. Киев 6 августдан буён минтақадаги 1150 квадрат километр майдондаги 82 аҳоли пунктини назорат остига олганини даъво қилмоқда.

Украина Ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондони Николай Олешчук авиация Курскдаги операциянинг фаол қисми эканлигини айтиб, Россия таъминот йўллари ва логистика марказларини нишонга олганини айтди. 

Россия қуролли кучлари Курск вилоятида НАТО мамлакатлари қуроллари билан қуролланган Украина разведка-диверсия бўлинмасини йўқ қилганлигини ёзди Россия давлат нашрлари. 

Аввалроқ Москва томони Курск ҳужумида НАТОнинг имзоси борлигини иддао қилган. Шунингдек, Украина ушбу урушда Буюк Британиянинг “Challenger 2” танкларидан фойдаланиб, устунликка эришгани айтилмоқда.

Шунингдек, Украина президенти Владимир Зеленский мамлакат кучлари Россия ҳудудига бостириб кириши натижасида Курск вилоятидаги Россиянинг стратегик аҳамиятга эга Суджа шаҳрини тўлиқ назоратга олганини айтди.

Шунингдек, у 5 мингга яқин аҳолиси бўлган шаҳарда ҳарбий қўмондонлик идораси ташкил этилаётганини ҳам маълум қилди. Суджада Украина қувурлари орқали Европага оқиб ўтадиган Россия табиий газини ўлчаш станцияси мавжуд.

Хабарларга кўра, шаҳар маркази ҳокимият биноси олдида жойлашган Ленин ҳайкали бузиб ташланган.

“Россия-1” телеканалидаги ўзининг ток-шоусида Путин билан дўст бўлган телебошловчи Владимир Соловёв Украинанинг ғарблик иттифоқчиларини босқинни уюштирганликда айблади.

“Бу операцияни Зеленский ёки унинг штаб-квартираси ташкил қилмагани аниқ. Ушбу операция НАТО мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган. Уларнинг имзо услуби аниқ кўринади”, деган у. Шунингдек, телебошловчига кўра, Телеграм каналлар ва оммавий ахборот воситалари аҳоли орасида ваҳима қўзғатмоқда.

Истеъфодаги подполковник Роман Шкурлатов “Известия” газетасида чоп этилган мақоласида душманнинг бир нечта мақсадини қайд этган.

“Биринчиси, ғарблик ҳомийлари ва раҳбарларига Украина Қуролли Кучлари нафақат чекиниши, балки қандайдир натижалар ҳам бериши мумкинлигини кўрсатиш. Иккинчи эҳтимолий мақсад музокараларда савдолашиш учун Курск вилояти ҳудудида таянч пунктини қўлга киритишга уриниш. Учинчиси, бошқа йўналишларни очиб, бизни Курск яқинидаги захираларни тортиб олишга мажбурлашга ҳаракатдир. Аммо улар бу борада муваффақият қозона олмаслиги аниқ. Чунки фойдаланилмаётган захираларимиз етарлича”, деган Шкурлатов.

Янги вирус 

ЖССТ Марказий Африка минтақасида “маймунчечак” вирусининг тарқалиши муносабати билан халқаро фавқулодда ҳолат эълон қилди. "Бу барчамизни ташвишга солиши керак бўлган масала", деган ташкилот раҳбари.

Шунингдек, Европа Иттифоқи маймунчечак вируси таҳдидидан огоҳлик даражасини оширди. Касалликларни олдини олиш ва назорат қилиш бўйича Европа маркази аҳоли ва саёҳатчилар учун айрим ҳудудларда касалланиш хавфи даражаси ошганини эълон қилди.

Касаллик бир қанча мамлакатларда, жумладан, Покистонда ҳам аниқланган. Вирус одамга касал ҳайвонлардан, шунингдек, жисмоний алоқа орқали одамдан одамга юқади.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/1ciF9Fs1Zcc" title="Ukrainaning Rossiya tomon odimlashi va Gʻazo boʻyicha “oʻlik” sulh" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Сардорбек Поёнов, Нишонбой Абдувоитов, Ууғбек Тўхтаев (видео), ЎзА.