Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов Украинанинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Николай Дорошенко бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Меҳмонлар вилоятга саноат кооперациясини ривожлантириш, ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, чорвачилик соҳасида Украина имкониятлари тақдимотини ўтказиш, хорижий инвестиция ва технологиялар иштирокидаги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш йўналишларини ўрганиш мақсадида келган.
Учрашувда воҳа саноатининг турли соҳаларида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш, чорвачилик ва паррандачилик тармоқларида алоқаларни ривожлантириш, таълим ва тиббиёт соҳаларидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш юзасидан ўзаро фикр алмашилди.
Ўтган йили Сурхондарё вилоятидан Украинага 678 минг доллар миқдоридаги маҳсулотлар экспорт қилинган. Жанубдаги воҳага 2 миллион 374 минг долларлик маҳсулотлар импорти амалга оширилган. Вилоятдан асосан мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотлари юборилган бўлса, Украинадан саноатнинг турли йўналишлари учун замонавий технологик жиҳозлар, кимёвий воситалар ва дори маҳсулотлари олиб келинган.
Украиналик меҳмонлар жорий йил 1 апрелгача вилоятда бўлиб, Ангор, Жарқўрғон, Шеробод, Шўрчи, Олтинсой, Денов ва Сариосиё туманларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва қайта ишлаш корхоналари фаолияти билан танишишни, ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш юзасидан бир қатор келишувларга эришишни мўлжалламоқда.
Делегация аьзолари Термиз туманидаги “Gold Dried Fruits Export” қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, “ZIF Textile” тикувчилик корхоналари, “Termiz Cargo Centre” халқаро логистика маркази билан яқиндан танишди. Милодий I-III асрларга оид Фаёзтепа будда ибодатхона мажмуасида бўлди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА