Украиналик собиқ амалдор Мадридда отиб кетилди
Украинанинг собиқ президенти Виктор Януковичнинг ёрдамчиси бўлиб ишлаган Андрей Портнов Испания пойтахти Мадрид яқинидаги мактаб олдида отиб ўлдирилди. Бу ҳақда “CNN” хабар бермоқда.
51 ёшли Портнов ҳуқуқшунос эди. У 2014 йилда Киевдаги демократия тарафдорлари иштирокидаги қўзғолондан олдин Янукович маъмуриятида юқори мансаб вакили бўлган.
Мадриднинг Сумма фавқулодда вазиятлар хизмати вакилининг айтишича, собиқ украиналик сиёсатчи учта ўқ жароҳати олган ва воқеа жойига биринчи тез ёрдам келганидан кўп ўтмай вафот этган.
Портновга нисбатан 2021 йилда коррупция ва порахўрлик учун АҚШ томонидан санкция киритилган эди. АҚШ Молия вазирлигига кўра, у “ўз хизмат ваколатидан Украина судларига таъсир ўтказиш ва ислоҳотларга путур етказганликда” айбланган.
Украина Президенти идораси ва Ташқи ишлар вазирлиги Портновнинг ўлимига ҳозирча изоҳ берганича йўқ.
Мусулмон Зиё, ЎзА