Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Украиналик қочоқлар ҳайдаб чиқарилмайди...
13:11 / 2023-09-08

Россия-Украина

АҚШ Россияга Украинадаги зиддиятни тўхтатиш бўйича босим ўтказишни давом эттирмоқда. Зеро, бу мамлакатда вазият кейинги пайтда оғирлашмоқда. Бу фикрни Қўшма Штатларнинг БМТдаги доимий ваколатхонаси раҳбари ўринбосари Роберт Вуд билдирган.

– Украинада вазият ёмон, яхшиланмаяпти, – деди дипломат БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишида чиқиш қилиб. – Биз Украинадан қўшинини олиб чиқиб кетишини талаб қилиб, Россияга босим ўтказишимиз керак.

Туркия ҳукумати Украинада оташкесинни тўхтатишни таъминлашда фаол бўлишга тайёрлигини яна бир бор тасдиқлади. Бу ҳақда Миллий мудофаа вазирилиги баёнотида айтилган.

– Минтақа ва бутун дунё хавфсизлиги учун жиддий таҳдид ҳисобланган Россия ва Украина ўртасидаги воқеалар ривожини диққат билан кузатиб келяпмиз, – дейилади ҳужжатда. – Биз айни ҳудудда мустаҳкам тинчлик ўрнатиш, гуманитар инқирозни юмшатиш учун саъй-ҳаракатни давом эттиришга тайёрмиз.

Финляндия Президенти Саули Ниинистё Украинадаги низо кескинлашиб кетаётганидан, ядро қуроли қўлланиши эҳтимоли ошиб боришидан хавотирга тушаётганини билдирди.

“Кенг миқёсдаги уруш хавфи мавжуд, вазият ядро қуролидан фойдаланилиши билан боғлиқ”, дея таъкидлади давлат раҳбари журналистлар билан учрашувда.

Австрия, ҳатто, Киев талаб қилган ҳолда ҳам, мамлакатда қолаётган украиналикларни депортация қилмайди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги вакили “Express” порталига маълум қилди.

Хабарда айтилишича, ҳозир бу мамлакатда ҳарбий хизматга лойиқ, 18-54 ёш орасидаги 14 минг украиналик қочоқ қайддан ўтган. Австриядаги жами 101 минг украиналик қочоқдан 67 минг нафари аёл.

АҚШ ҳукумати яқин орада Киевга яна кассетали ўқ-дори етказиб беришни режаламоқда, дея хабар берди ўз манбаларига таяниб “The New York Times” нашри.

G7 мамлакатлари парламент спикерлари Токиода учрашиб, Украинадаги вазиятни муҳокама қилишмоқчи. Йиғилишда Украина Радаси спикери Руслан Стефанчук ҳам қатнашади, деб ёзди “Киодо” агентлиги.

Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ва Украина Президенти Владимир Зеленский телефон мулоқоти чоғида Тель-Авивнинг Киевга гуманитар ёрдам бериши масаласини муҳокама қилган.

“Томонлар Исроилнинг Украинага, шу жумладан, ушбу мамлакатдаги украиналик қочоқларга ёрдам кўрсатиш, хусусан, ҳаво тревогаси тўғрисида кечиктирмай ҳамкорларни хабардор қилиш сингари масалаларни кўриб чиқишган”, дейилади Исроил ҳукумати матбуот хизмати тарқатган баёнотда.

Украинага ракета етказиб берилаётгани учун, Британиянинг шундай маҳсулот ишлаб чиқарадиган “Storm Shadow” ва “Brimstone” заводларининг 50 нафар ишчиси 11 сентябрда иш ташлашини эълон қилди. Бу ҳақда “The Guardian” маълум қилди.

Аксарият америкаликлар Украинанинг Россияга қарши олиб бораётган ҳарбий ҳаракатини қўлламаяпти, аммо АҚШ маъмурияти ўз сайловчилари хоҳиш-истагига қарши “аксилдемократик лойиҳа”ни амалга оширишда давом этмоқда. Бу ҳақда америкалик тележурналист Такер Карлсон билан суҳбатда Венгрия фундаментал ҳуқуқ маркази директори Миклошем Санто айтиб ўтган.

Украина Бош вазири Николай Азаров Қуролли кучларнинг йил охиригача йўқотиши миқдори 500 минг кишидан ошиб кетишини тахмин қилган.

 

Аброр ХОН,

ЎзА