English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Украиналик олимпиячи мусобақадан нега четлаштирилди?
14:05 / 2026-02-13

Милан қишки Олимпиадасида украиналик скелетон пойгачиси Владислав Гераскевич Россия билан уруш туфайли ҳалок бўлган украиналик спортчилар сиймоси туширилган “хотира дубулғаси”ни кийиб қатнашишга урингани учун мусобақадан четлатилди. Бу ҳақда спортчининг ўзи "Суспильне спорт" нашрига берган интервьюсида маълум қилди.

Халқаро Олимпия Қўмитаси (ХОҚ) дисквалификация тўғрисидаги қарорни 12 февраль куни биринчи пойга арафасида қабул қилди. Ташкилот Гераскевичнинг дубулғаси спорт майдонида сиёсий, диний ёки ирқий тарғиботни тақиқловчи Олимпия Хартиясига мос келмаслигини билдирган.

Президент Владимир Зеленский скелетон  пойгачисини қўллаб-қувватлаб, “унинг дубулғаси марҳумлар хотирасига ҳурмат, дунёга "Россия тажовузи" ва мустақиллик учун кураш қимматини эслатишдир” деди.

Украина спорт вазири Бедний спортчини “қаҳрамон” деб атаб, дисквалификация ХОҚ обрўсига зарар етказишини таъкидлади. Бинобарин, вазият ҳали Украина Олимпиадани бойкот қилишигача боргани йўқ.

27 ёшли Владислав Гераскевич учун бу галги Олимпиада учинчи шундай анжуман. Пекин ўйинларида у “Украинада уруш бўлмасин!” чақириғи билан жимгина норозилик намойиши ўтказганди. Жорий ўйинлар очилиши маросимида ўз мамлакати байроғини кўтариб чиқди.

Ушбу воқеадан сўнг Зеленский бу скелетончини "Озодлик" ордени билан тақдирлаш тўғрисидаги фармонни имзолади. Мазкур қарор спортчини ХОҚ мусобақадан  четлатгач қабул қилинди.

С.Раҳимов, ЎзА