Украина Россияни жангда кўздан ёш оқизувчи газ ишлатганликда айбламоқда. Ғарб махсус хизматлари эса руслар янада хавфлироқ кимёвий қуролдан фойдалангани ҳақида маълумотлар бор, деяпти. Хуллас, Ғарб разведкаси маълумотига кўра, РФ бу урушда кимёвий қурол қўллашни кучайтирмоқда.
– Россия ҳарбийлари кўздан ёш оқизувчи газ ва бошқа кимёвий моддалардан фойдаланиши одатий амалиётга айланиб, тобора кенг тарқалмоқда, – дейилган Германия ва бошқа ғарб давлатлари махсус хизматлари баёнотида.
Украина Мудофаа вазирлиги маълумотида эса уруш давомида РФ Украина қўшинига қарши 9000 мартадан зиёд кимёвий модда қўллагани келтирилган. Россия кимёвий қуролдан фойдаланиши билвосита янаям кўп қурбонларга олиб келади, чунки бундай усул рақиб аскарларини пистирмадан чиқишга мажбур қилади. Шундан сўнг улар ҳужумга учраб, ҳалок бўлади.
Украина Қуролли кучлари Бош штаби маълум қилишича, май ойи охирида Киевда 35 нафар ҳарбий масъул иштирокида ўтказилган йиғилишда Россия армияси кимёвий модда ишлатмагани таъкидланган. Бинобарин, руслар қўллаган моддалар расман кимёвий қурол ҳисобланмаса-да, мазкур воситалардан жангда фойдаланиш Женева конвенциясига мувофиқ тақиқланган.
Украина ҳукумати Кимёвий қуролни тақиқлаш ташкилотига РФ томонидан хавфли кимёвий моддалар қўлланган 9700 га яқин ҳолат бўйича маълумот тақдим этган.
К.Бекжонов, ЎзА