Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Украина Россия нефтни қайта ишлаш заводларига рекорд даражада кўп зарба берди
11:57 / 2025-12-03

Ноябрь ойида Украина РФ нефтни қайта ишлаш заводларига камида 14 та дрон ҳужумини амалга оширди, деб ёзмоқда “Bloomberg” ахборот агентлиги.

Зарар кўрганлар орасида Краснодар яқинидаги Афипский нефтни қайта ишлаш заводи ҳам бор. Бу Россия жанубидаги энг йирик заводлардан бири бўлиб, йиллик қуввати 9,1 миллион тоннани ташкил этади.

Маълумки, “Роснефть”нинг Рязан нефтни қайта ишлаш заводи ноябрь ойининг ўрталарида дронлар ҳужумига учраган эди. Натижада, унинг асосий мажмуаси ишдан чиқди. Ҳозир умумий қувватнинг деярли ярми ишламаяпти, бу эса йилига 17,1 миллион тоннани ташкил қилади.

Сўнгги пайтларда украин хавфсизлик кучлари Россиянинг санкцияга учраган танкерларини ишдан чиқаришга ҳаракат қилмоқда.

Масалан, куни кеча Украинанинг “Sea Baby” денгиз дронлари Қора денгизда РФнинг иккита санкцияланган нефть танкери – “KAIRO” ва “VIRAT”га зарба берди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай туриб, “Мидволга 2” танкерига ҳужум уюштирилган. 

“ТАСС” ёзишича, кеманинг устки қисмига бироз зарар етган, аммо воқеада ҳеч ким ҳалок бўлмаган.

Россия президенти Владимир Путин бундай ҳолатларга изоҳ берар экан “Қора денгиздаги танкерларга қилинган ҳужумларга жавобан Россия Украина портлари ва уларга яқинлашаётган кемаларга зарбаларни кучайтиради”, деди.

Ответы на вопросы российских СМИ.

Кремль раҳбари Қора денгиздаги танкерларга қилинган ҳужумларни “қароқчилик” деб атаб, Украинани денгиздан “узиб қўйиш” кераклигини маълум қилди. 

Бундан ташқари, у Россия Европа мамлакатлари билан зиддиятга бормаслигини, аммо агар Европа низо бошласа, Москва “ҳозироқ тайёр” эканлигини таъкидлади. 

С.Раҳимов, ЎзА