Украина мактабларида дронни бошқариш фани жорий қилиниши мумкин
Украина мактабларида сентябрдан бошлаб янгиланган “Украинани ҳимоя қилиш” фани жорий қилиниб, ўқувчиларга дронни бошқариш, тиббиётга қадар ёрдам кўрсатиш, жойни аниқлаш бўйича сабоқ бериш бошланади, деди мамлакат таълим вазири Оксен Лисовой.
“Украинани ҳимоя қилиш” фанини янгилаш устида иш бошладик. Сифатли тиббиётга қадар ёрдам кўрсатиш, мина хавфсизлиги, дронни бошқариш, жойни аниқлаш кўникмаларига талаб бор. Шу боис, сентябрдан янгиланган фан синов лойиҳасини ишга тушириш мўлжалланяпти”, – деб ёзган Лисовой ижтимоий тармоқ орқали.
Унинг таъкидлашича, ўқитувчилар дастурни амалга ошириш олдидан қайта ўқитилади. Бунинг учун халқаро тузилмалар, жамоатчилик ташкилотлари жалб қилинади.
“Хусусан, “FPV” дронлари симулятори билан ишлай оладиган, топография, тиббиётга қадар ёрдам ва турли жароҳатлар олдини олиш бўйича ихтисослашган мураббий дарс ўтиши мумкин”, – дея қўшимча қилган Лисовой.
ЎзА