Бугун Украина Варшавада Халқаро энергетика агентлигига ассоциацияланган аъзо сифатида қўшилиш тўғрисидаги битимни имзолади.
Бу ҳақда “Anadolu” агентлиги маълум қилди.
Халқаро энергетика агентлиги ижрочи директори Фотиҳ Бирол қарор ташкилотнинг барча аъзолари томонидан бир овоздан қабул қилинганини айтди.
Украина энергетика вазири Герман Галущенко, ўз навбатида, Россия билан уруш фонида ҳам ўз мамлакати энергетика тизимининг яхши мувофиқлаштирилган ва самарали ишлашига эътибор қаратди.
Ассоциацияланган аъзолик мамлакатга агентлик қўмиталари, йиғилишлар ва семинарларда иштирок этиш имконини беради. Украина бу мақомда ташкилотга қўшилган ўн биринчи давлатдир.
Бунгача Аргентина, Бразилия, Хитой, Миср, Ҳиндистон, Индонезия, Марокаш, Сингапур, Жанубий Африка ва Таиланд ХЕАнинг ассоциацияланган аъзолари сифатида битим имзолаган.
Умуман олганда, бугунги кунда мазкур ташкилотга 31 давлат киради.
Улуғбек Маҳмирзаев