Украина, Грузия ва Молдова Евроиттифоқ билан муносабатларда қўшма ҳамкорликни йўлга қўяди
Украина, Грузия ва Молдова Европа иттифоқига интеграциялашув бўйича «Қўшма учлик» тузиш меморандумини имзолади.
Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба баёнотига таяниб берилган “Корреспондент.net” хабарида Киевнинг ташаббускор бўлгани айтилган.
Украина, Грузия ва Молдова Евроиттифоқ билан муносабатларида ўзига хос қўшма ҳамкорликни намоён этади. Ҳужжатни уч давлат ташқи ишлар вазирлари имзолади.
Янги формат, шунингдек, минтақадаги хавфсизлик барқарорлик масалаларини ҳам ўзида мужассам қилади.
Грузия ташқи ишлар вазири Давид Залкалиани томонлар Европа билан интеграциялашувда сиёсий мулоқотни фаоллаштиришни исташини қайд этди.
Молдова ташқи ишлар вазири Аурелиу Чокой меморандум давлатларнинг келгуси ўн йилликда Евроиттифоққа аъзо бўлишида муҳим ўрин тутишини таъкидлади.