Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Украина ғарб қуроллари билан Россия ҳудудига зарба бериш учун рухсат сўрамоқда
22:49 / 2024-09-15

АҚШ Президенти Жо Байден ва Буюк Британия Бош вазири Кей Стармер ўртасида кечган музокарада Украина Ғарбнинг узоқ масофага мўлжалланган қуроллари билан Россия ҳудудига зарба беришига қўйилган тақиқни бекор қилиш имконияти муҳокама қилинди.

Оқ уйда бўлиб ўтган мулоқот чоғида Америка маъмурияти кун тартибидаги мавзулар рўйхатига Ғазо секторидаги ҳарбий амалиёт, Қизил денгизда кемаларни ҳимоя қилиш, Вашингтон ва Лондон ўртасидаги икки томонлама муносабат ҳам киритилганини айтган. Бинобарин, экспертлар таъкидича, айнан Украина масаласи музокара марказидаги асосий нуқта эди.

Гап шундаки, Киев анчадан буён Ғарб қуроллари билан Россия ҳудудига зарба бериш учун рухсат сўрамоқда. Сўнгги пайт ушбу масала кўп баҳсга сабаб бўляпти.

Аввалроқ “Guardian” газетаси Британия ҳукуматидаги манбаларга таяниб, Киевга Россия ичкарисиидаги нишонларга “Storm Shadow” ракеталарини отишига рухсат бериш қарори аллақачон қабул қилингани, фақат бу ҳақда яқин кунларда расман эълон қилинмаслигини ёзган эди.

Бош вазир Кир Стармер журналистларнинг “Украина Британиянинг “Storm Shadow” ракетаси билан Россияга зарба беришини қўллаб-қувватлайсизми”, –деган саволини жавобсиз қолдирган.

Оқ уй матбуот котиби Карин Жан-Пьер эса Россия Президентининг НАТО Украина можаросида тўғридан-тўғри иштирок этиш масаласини муҳокама қилмоқда, деган сўзларига изоҳ беришдан бош тортган.

– Қўшма Штатлар Киевни ўзини ҳимоя қилиш учун зарур бўладиган барча воситалар билан таъминлаш ниятида, – деди у Украина Қуролли кучларининг Россия ҳудудига Америка қуроллари билан зарба беришини санкциялаш истиқболини изоҳлар экан.

Куни кеча Владимир Путин ушбу масалага тўхталар экан, Шимолий Атлантика альянси давлатлари ҳозир нафақат Ғарбнинг узоқ масофага учадиган ракеталарини Киев томонидан қўллаш эҳтимолини муҳокама қилмоқда, балки Украина можаросига бевосита аралашиш ҳақида қарор қабул қилишни ҳам ўйлаётганини айтди.

РФ етакчиси қўшимча қилишича, НАТО давлатларининг ҳарбий ҳаракатда бевосита иштирок этиши урушнинг туб моҳиятини ўзгартиради. Бинобарин, Россия ҳам вазиятдан келиб чиқиб жавоб чораларини кўради.

Маълумки, Россия Ғарб давлатлари Украинага қурол етказиб беришини Киев билан Москва келишувига халақит бермоқда, деб ҳисоблайди. Кремль фикрича, НАТО давлатлари можарога бевосита жалб қилинмоқда ва ўт билан ўйнашяпти. АҚШ ва НАТО можарода бевосита иштирок этмоқда. Жумладан, нафақат қурол-яроқ етказиб бериш, балки Буюк Британия, Германия, Италия ва бошқа мамлакатларда кадрлар тайёрлаш билан ҳам шуғулланмоқда. Украинани Ғарб қуроллари билан тўлдириш музокарага ҳисса қўшмайди. Аксинча, салбий таъсир кўрсатади. Яъни, уруш чўзилишига сабаб бўлади.

С.Раҳимов,ЎзА