Россия ва Украина келишуви бўйича томонлар ноябрь ойи охиригача, эҳтимол шу ҳафта охиригача бир тўхтамга келиши мумкин, деб хабар тарқатди “Politico” нашри Оқ уйнинг юқори лавозимли амалдорига таяниб.
Аввалроқ “Axios” янгиликлар портали Россия ва Америка манбаларига таяниб, Қўшма Штатлар Украинадаги можарони ҳал қилиш бўйича янги режа ишлаб чиқиш учун Россия билан “махфий маслаҳатлашув” ўтказаётгани хусусида ёзганди.
Шу вақтгача Россия ва Украина Истанбулда уч босқичли бевосита музокара ўтказган. Натижада бир неча бор асирлар алмашилган. Шунингдек, можарони ҳал қилиш бўйича меморандум лойиҳаси ўзаро тақдим қилинган.
NBC телеканали АҚШ Президенти Дональд Трамп томонидан келишув бўйича махсус режа тасдиқланганига эътибор қаратди:
– Трамп ҳафта бошида Россия ва Украина ўртасида 28 банддан иборат тинчлик режасини маъқуллади. Бу ҳужжат сўнгги бир неча ҳафта ичида маъмуриятнинг мартабали мутахассислари томонидан Россия билан маслаҳатлашилган ҳолда, “жимгина” элчи Кирилл Дмитриев ва украин расмийлари билан бирга ишлаб чиқилган.
“Axios” ёзишича, лойиҳада, жумладан, Вашингтон Қрим ва Донбассни Россия ҳудуди сифатида тан олиши, Киевга Америка ҳарбий ёрдами камайтирилиши, Украина православ черкови расмий мақоми белгиланиши, рус тили Украинада расмий тил сифатида эълон қилиниши ва Украина Қуролли Кучлари сони қисқартирилиши назарда тутилган.
Ҳозирча Киев ва Европадаги иттифоқчилар мазкур режага қандай муносабатда бўлиши номаълум.
NBC телеканали ҳужжат АҚШ махсус элчиси Стив Уиткофф, вице-президент Жей Ди-Венс, давлат котиби Марко Рубио ва Трампнинг куёви Жаред Кушнер томонидан ишлаб чиқилганига урғу берган.
– АҚШ кўҳна қитъадаги ҳамкорларини бу ҳақда олдиндан огоҳлантирмаган, – деб ёзди “Telegraph” газетаси Европадаги номаълум манбаларга таяниб. – Киевдаги расмийлар лойиҳани кўриб чиққан ҳолда, режа жиддий ўзгаришсиз Украинада амалга ошмаслигини айтишди.
“Financial Times” ҳам Украина расмийлари АҚШ таклиф қилган бу ҳужжатни танқид қилганига урғу берган.
“Axios” АҚШ расмийсига таяниб, Туркияда ўтиши кутилган Уиткофф ва Владимир Зеленский ўртасидаги учрашув Украина етакчиси мазкур режани муҳокама қилмаслиги маълум бўлгач, бекор қилинганини ёзди.
Энг сўнгги хабарларга кўра, Трамп маъмуриятидаги Украина тарафдорларидан бири январь ойида истеъфога чиқишни режалаштирмоқда. “Reuters” агентлиги тўрт манбага таяниб Киев Оқ уйдаги асосий ҳимоячиларидан бирини йўқотишини ёзган. Агентлик фикрича, кетиш қарорини Келлогнинг ўзи қабул қилган ва бунга Трамп маъмуриятининг Россияга босим ўтказишдаги “қатъиятсизлиги” сабаб бўлганини айтган.
С.Раҳимов, ЎзА