Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Укасини тириклайин ёқиб юборган қотил акага ҳукм ўқилди
19:10 / 2022-05-25

Эшитган қалб титрайдиган бу жиноят ўтган йилнинг ноябрь ойида Қашқадарё вилояти Ғузор туманидаги Совлиғор қишлоғида содир этилган эди. Э.К спиртли ичимлик истеъмол қилиб уйида жанжал кўтарган ва онасини ҳақоратлаган укасини тириклайин, қўл оёғини сим билан боғлаб, бензин сепиб ёқиб юборгани ҳақидаги хабар нафақат Совлиғор қишлоғини, балки бутун ижтимоий тармоқларни портлатиб, жамоатчиликни ларзага солган эди.

Куни кеча Жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз туман судида суд раиси Ф.Чориев иштирокида укасининг қотилига айланган аканинг иши кўриб чиқилди ва қотил акага ҳукм ўқилди.

– Укам ҳар доим ичиб юрарди ва жанжал қиларди. Ичган вақтда боғлаб қўярдик. Шу сафар ҳам ҳар доимгидек боғлаб тўйга кетдик. Чунки ўша куни синглимникида тўй бўлаётган эди, – дейди жиноятчи. – Биз бўлмаган пайтлар кўпинча ароққа пенсиядан пул сўраб, ароқ олиб бер деб, онамни кўп ҳақорат қилиб урган. Қўшнилар бер неча бор ажратиб олган. Ўзимиз ҳам гувоҳи бўлганмиз. Лекин укамга нисбатан адоватим йўқ эди. Ука бундай қилма, деб неча марта танбеҳ берганман. Ёрдам қилганман. Барибир билмади-да. Берган нарсаларимни ҳам сотиб ичди. Ўша куни ҳам онамни сўкиб, қаттиқ ҳақоратлади. Жаҳл билан нима иш қилиб қўйганимни билмайман рости. Боғланган ҳолда қандай қилиб, машина юкхонасига юклаб Пачкамар қишлоғига олиб бориб, ёқиб юборганман. Ўтган вақт мобайнида кўп ўйладим ва қандай қилиб бунчалик шафқатсизликка борганимни ҳалигача тушуна олмайман. Аксинча масалага қонуний ечим излаб, наркологияга олиб келиб топширганимда ҳозир бу ерда ўтирмаган бўлармидим. Қилган ишимдан пушаймонман. Энг катта хатойим доим боғлаб қўйганим. Даволатишга олиб бормаганим. Ўзи оиласи ҳам тинчмас эди. Уч йилдан бери деярли хотини билан яшамасди. Ўта маст ҳолатда эди ўша куни ва умуман қаршилик қилмаган. Ўзи доим ҳам қаршилик қилмасди. Биларди. Чунки ичса доим боғлаб қўярдим. Икки-уч соатдан кейин ечиб юборардим. Халқимдан, яқинларимдан узр сўрайман. Улар балки мени кечирар, лекин мен ўзимни ҳеч қачон кечира олмасам керак.

Суд ҳужжатларига кўра, 2021 йилнинг 31 октябр куни айбланувчи укасининг онаси билан жанжаллашиб қолганидан хабар топиб, уни излаб йўлга чиқади. Укасининг ўртоқлари билан улфатчилик қилиб тургани устида чиқиб уни машинасига миндириб уйга олиб келади. Ўша куни қариндошларникида тўй маросими бўлаётгани боис ака укани маст ҳолда қайта кўчага чиқиб кетмаслиги учун сим билан оёқ қўлини боғлаганча молхонага қамаб ўзи тўйга кетади. Ўша куни ярим тунда тўйдан қайтган ака тўғри молхонага бориб укасининг қимир этмай ётганига гувоҳ бўлади. Кундузги жаҳл тарқамагани боис уни ўлдириш мақсадида машинаси юкхонасига солиб, туманнинг Пачкамар ҳудудига олиб боради. Кейин эса унинг ҳушсиз эканлигини билгани ҳолда устидан бензин қўйиб ёқиб юборади.

[gallery-7272]

Ҳаммадан ҳам ака-укани ўз бағрида 9 ой кўтариб, ўстирган, улғайтирган онаизорга қийин бўлди. Суд залида мункайганча озорларини сўзлар экан, мунгли кўзларидан аччиқ куз ёш тўхтамади.

– Келин 2010 йилда тушган бўлса, 1,5 йил яшаган ўзи. Бошидан биз билан келишмаган, – дейди она. – Эримни эр-хотин иккови қасддан ўлдириб юборди. Лекин ҳеч қаерга мурожаат қилмадим. Чидадим. Эрини ҳам қайради. Боламни ўлимига хотини айбдор. Икки ака-уканинг ўртасига нифоқ туширган ҳам ўша. Уйига ҳа деганда кетиб қолаверади. Иккита боласини ҳам ўзим катта қилганман. Боламни ўлимида мени айблади. Ахир мен онаман. Ўлган ҳам ўлдирган ҳам менинг болам ахир. Болалигидан кўкрак сутимни бериб катта қилганман. Қандай қилиб, мен ўз боламни ўлдиришим мумкин. Ҳозир мендан нима ўтаётганини ҳеч ким билмайди. Тиканни устида юрибман. У қора ерда ётибди. Неча марта маст ҳолатда менга пичоқ ўқталган бўлса ҳам у менинг болам эди. Ҳеч жойга шикоят қилмадим болам учун. Келин келдию оиламиздан тинчлик йўқолди. Отасини уриб ўлдириб юборди шу хотинни гапига кириб. Қози бува бир она сифатида мени тушунинг фарзандимга енгиллик беринг. Болам хўрозни ҳам сўя олмасди. Қандай қилиб бундай ишни қилиб қўйди ҳайронман.

Бу аёлга ҳам осон тутиб бўлмайди. Нимадир даъво қилай деса ойна ортида турган айбланувчи ҳам ўз боласи, жиноят қурбони бўлган ҳам ўғли.

Маълумот ўрнида 2021 йил 1 ноябрь куни Пачкамар қишлоғидаги эски гипс конидан қўл оёғи сим билан боғланган куйиш жароҳатидан вафот этган жасаднинг ортидан олиб борилган тезкор тадбирлар жараёнида аканинг қилмишлари фош этилди. Суд давомида иш бўйича тўпланган ҳужжатлар атрофлича муҳокама этилиб, айбланувчига ҳукм ўқилди. Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан қотил акага узил кесил 15 йил 6 ой озодликдан марҳум қилиш жазоси тайинланди.

Оилавий нотинчликнинг бундай аянчли якуни албатта афсусланарли. Балки, бечора онаизор айтганидек, ўз вақтида тарбияда маҳкам туриб, ака укалар ўртасида меҳр ришталарини мустаҳкамлаганида балки бу фожеа юз бермаган, онаизор бирваракайига икки ўғлини қалбидан йироқлаштирмаган бўларди. Бироқ қонун олдида барча бирдек баробар. Бу иснод аканинг қаддини эгибгина қолмасдан, виждон қийноғида қолдириши ҳам айни ҳақиқат.

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат) ЎзА.