Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида Колумбия университетининг таълим бўйича Пикер номидаги маркази директори Уильям Брюстер Эйимике билан учрашув бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон томонидан Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев иштирок этди.
Мулоқот чоғида томонлар Ўзбекистон билан Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги амалий ҳамкорлик изчил ривожланаётганини таъкидладилар.
Уильям Брюстер Колумбия университети билан Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ўртасида йўлга қўйилган алоқаларга тўхталиб, бу ерда Колумбия университети бўлимини очишни таклиф этди.
Учрашувда Ўзбекистон Президенти сайлови юзасидан ҳам фикр алмашилди.
– Ўзбекистонга ташрифимдан ғоят мамнунман. Таассуротларим ажойиб. Айниқса, юзлаб одамлар сайловдан олдин овоз беришга келишлари мени ҳайратда қолдирди, – дейди Уильям Брюстер. – Мен Ўзбекистонда 2019 йилги парламент сайловларида ҳам кузатувчи сифатида иштирок этганман. Ўтган 2 йил ичида муҳим ўзгаришлар амалга оширилганига гувоҳ бўлдик.
Сайловга тайёргарлик масалаларига чет эллик кузатувчилар юқори баҳо бермоқда. Фикримча, якшанба куни Президент сайлови очиқ ва шаффоф ўтади. Бунда масс-медианинг роли катта, деб ўйлайман.
Халқаро пресс-клуб ва оммавий ахборот воситаларининг эркин ҳаракати сайловнинг янада адолатли ўтишини таъминлайди.
Улуғбек Маҳмирзаев.