Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Уфққа туташ тоғдай жасорат
20:39 / 2020-12-18

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан Ўзбекистон Қаҳрамони ва халқ ёзувчиси Саид Аҳмад таваллудининг 100 йиллигига бағишланган “Уфққа туташ тоғдай жасорат” номли хотира кечаси ўтказилди.

Тадбирда Саид Аҳмад билан боғлиқ илиқ хотиралар ёдга олиниб, ёзувчининг ўзбек адабиёти ривожига қўшган ҳиссаси, ижодининг бетакрор қирралари ҳақида сўз борди.

– Саид Аҳмадни прозанинг шоири, деб атаган бўлар эдим, – дейди адабиётшунос олим Иброҳим Ғофуров. – Адиб насрда шундай қуйма сатрлар ярата олганки, ўқирман қалбига гўё шеърдай, таронадай кириб боради. Ёзувчи ўз асарларида Ойбекнинг психологик тасвир маҳоратини, Ғофур Ғулом юмори ва Абдулла Қаҳҳор баёнидаги ихчамликни мужассамлаштира олган. Бу адибнинг юксак истеъдод эгаси эканлигидан даракдир.

Саид Аҳмад барча насрий жанрларда ижод қилди. Ҳикоя, қисса, ҳажвий асарлар яратди. Комедия жанрида кучини синаб кўрди. У ижодда катта тажриба орттиргандан сўнг роман жанрига қўл урди ва бир неча йиллик изланишлардан кейин «Уфқ» трилогиясини яратди. Трилогиянинг биринчи китоби «Қирқ беш кун», иккинчи китоби «Ҳижрон кунлари» ва учинчи китоби «Уфқ бўсағасида», деб аталди. Ушбу асарларни ўқир экансиз, беихтиёр асардан бош кўтара олмай қоласиз. Фикрлар содда, халқоналиги билан мутолаа жараёнида ўқувчига катта эстетик завқ ва ҳузур улашади.

– Саид Аҳмадга энг катта шуҳрат олиб келган асар, шубҳасиз, «Келинлар кўзғолони» комедияси бўлди, – дейди адабиётшунос Шуҳрат Ризаев. – Муаллиф бу асарга турли тажриба, изланишлар орқали узоқ йўл босиб келди. «Келинлар қўзғолони»нинг ўнлаб тилларга таржима қилинди, дунё саҳналарида қўйилиб, алоҳида эътироф этилди.

Саид Аҳмад бугун ҳаёт бўлганида 100 ёшга тўлган бўларди. Лекин ёзувчи ўлмас асарлари билан халқимиз қалби, ёдида мангу яшайди.

Имронбек Яҳёев, ЎзА