Жорий йил 16-22 август кунлари Россиянинг Уфа шаҳрида эркин, юнон-рум ва аёллар кураши бўйича ўсмирлар ўртасида ўтказиладиган навбатдаги жаҳон чемпионати муносабати билан дунёнинг 55 давлатидан 1500 нафарга яқин ёш спортчилар Бошқирдистонга етиб келди, дея хабар тарқатмоқда wrestinfo.сом сайти.
Икки йилдан бери эпидемиологик вазият туфайли ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионати ўтказилмаётганлиги сабабли дунёнинг энг кучли ёш курашчиларини аниқлаш имкони бўлмаётганди.
Уфа-2021 баҳслари том маънода жаҳон спорт курашларининг кейинги ўн йилликдаги янги олимпия ўйинларининг келгуси иштирокчилари, бўлғуси жаҳон чемпионларини кашф этиши шубҳасиз. Боиси, бугун ушбу спорт турларида жаҳон спортининг етакчилари, дея эътироф этиб келинаётган америкалик Кайл Снайдер, туркиялик Таха Акгюл, ҳиндистонлик Дипак Пуния, эронлик Амир Зарий, грузиялик Владимир Хинчегашвили, озарбайжонлик Тогрул Асгаров, россиялик Абдулрашид Садуллаев, ҳамюртимиз Бекзод Абдураҳмонов каби ўнлаб спортчилар айнан ўсмирлар ўртасидаги жаҳон биринчиликларида камолга етишган.
Ўзбек спорт курашларининг ўз вақтида етакчилари саналган Дилшод Мансуров, Исом Кенжаев, Шермуҳаммад Қўзиев ва бугунги етакчилар Бекзод Абдураҳмонов, Мўминжон Абдуллаев, Элмурод Тасмуродов, Жалгасбой Бердимуродов, навқирон авлод вакиллари Жамшид Маъруфов, Озодбек Халимбоев, Нодирбек Жуманазаров, Камронбек Қадамов, Ислом Баҳромов, Умиджон Жалолов каби истеъдодларнинг камолга эришишида ўсмирлар ўртасидаги дунё биринчиликларининг аҳамияти беқиёс.
Ўзбекистон спорт курашлари ассоциациясидан маълум қилишларича, вакилларимиз эртага Уфага етиб боради.
Жаҳон чемпионати дастурига биноан, 16-18 август кунлари эркин кураш, 18-20 августда аёллар кураши ва 20-22 август кунлари эса юнон-рум кураши беллашувлари бўлиб ўтади. Жаҳон биринчилигида ёш спортчилар 30 та вазн тоифасида ғолиблик учун гиламга чиқади. Чемпионатнинг тантанали очилиш маросими 17 август куни ташкиллаштирилади.
Тўлқин РЎЗИЕВ.