Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳудудий ички ишлар органлари ходимлари учун методик қўлланмалар тайёрланди
18:07 / 2019-12-24

Яқинда ушбу амалий тадқиқотлар натижаси ўлароқ, ИИВ Академияси томонидан методик тавсияларни ўз ичига олган учта қўлланма нашрдан чиқарилди.


Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашининг 2019 йил 10 январь куни ўтказилган йиғилишида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, жиноятчиликни жиловлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш юзасидан бир қатор устувор масалалар белгилаб берилган эди.

Шундан келиб чиқиб, Ички ишлар вазирининг 2019 йил 24 январдаги “Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида илмий ёндашувлар асосида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, жиноятчиликни жиловлаш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича янги методик ва ўзига хос тажриба яратишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойиши қабул қилиниб, Ички ишлар вазирлиги Академиясига бу борадаги ишларни самарали ташкил этиш вазифаси юклатилди.

Таълим муассасасининг профессор-ўқитувчилари ва Илмий-амалий тадқиқотлар маркази ходимларидан иборат ишчи гуруҳи томонидан ўтган давр мобайнида Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларининг криминоген ҳолати туманлар кесимида илмий жиҳатдан ўрганилиб, жиноятларнинг содир этилиш сабаблари, бунга имкон бераётган шарт-шароитлар ва уларни бартараф этиш чора-тадбирлари таҳлил этиб борилди.

Яқинда ушбу амалий тадқиқотлар натижаси ўлароқ, ИИВ Академияси томонидан методик тавсияларни ўз ичига олган учта қўлланма нашрдан чиқарилди.

“Бола савдоси жинояти билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш масалалари юзасидан методик тавсиялар” номли қўлланма Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқотлар маркази билан ҳамкорликда тайёрланди. Унда бола савдоси билан боғлиқ жиноятларнинг ҳуқуқий тавсифи ва ташкилий жиҳатлари, ушбу жиноятнинг келиб чиқиш омиллари, бола савдосига қарши курашишда халқаро тажрибани ўрганиш ва амалиётга жорий этиш масалалари илмий ёндашувлар асосида атрофлича ўрганилиб, аниқ тавсиялар келтирилган.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда олиб борилаётган изчил ислоҳотлар жиноятчиликнинг кескин камайишига хизмат қилаётган бўлса-да, бу борада амалга оширилаётган чора-тадбирлар етарли самара бермаяпти. Бунга айрим турдаги жиноятларнинг замонавий қиёфаси, содир этилиш усуллари, криминологияси илмий-назарий жиҳатдан чуқур ўрганилмаётгани, айрим ҳолларда эса ҳуқуқ-тартибот ходимларининг ушбу жиноятлар таркибини чуқур англаб етмаётганлиги сабаб бўлмоқда.

“Қасддан баданга оғир шикаст етказиш жиноятларининг барвақт олдини олиш бўйича ҳудуд методикаси” ҳамда “Фирибгарлик жиноятининг барвақт олдини олиш бўйича ҳудуд методикаси” қўлланмалари ҳам айни шу жиҳатлари билан муҳим аҳамият касб этади. Мазкур қўлланмаларда фирибгарлик ва қасддан баданга оғир шикаст етказиш жиноятларининг барвақт олдини олиш методикалари батафсил ёритилганини алоҳида эътироф этиш жоиз. Бунда Сурхондарё ва Қашқадарё вилояти ИИБлари ҳузуридаги Тергов бошқармалари томонидан ушбу турдаги жиноятлар юзасидан 2017, 2018 ва 2019 йиллар давомида тергов қилиниб, судга юборилган жиноят ишлари бўйича тузилган айблов хулосалари асосида фирибгарлик ҳамда қасддан баданга оғир шикаст етказиш жиноятларини содир этган шахсларнинг демографик хусусиятлари, жиноятларнинг содир этилиш хусусиятлари, вақти, жойи, мазкур жиноятлардан энг кўп жабр кўрган шахслар қатлами таҳлил қилинган. Шунингдек, ушбу жиноятларнинг барвақт олдини олиш, содир этилишининг сабаб ҳамда шароитлари ўрганилиб, самарали профилактика ишларини амалга ошириш юзасидан аниқ таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилган.

Муаллифларнинг фикрича, эндиликда мазкур қўлланмалар республика ички ишлар органларида хизмат қилаётган амалиёт ходимларига юборилади. Бу ҳам содир этилаётган жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши самарали курашиш баробарида, соҳа ходимларининг касбий кўникмаларини мустаҳкамлашга хизмат қилади. 

Жамшид ХОЛОВ, 
ИИВ Академияси матбуот хизмати ходими.