Ҳудуддаги 212 километрдан ортиқ ичимлик сув тармоғи тўлиқ жорий таъмирдан чиқарилди
Тошкент вилоятида сув иншоотларини реконструкция қилиш ва янгиларини қуриш орқали аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Тошкент вилоятида сув иншоотларини реконструкция қилиш ва янгиларини қуриш орқали аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.Президентимизнинг 2017 йил 18 апрелдаги "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекциясини ташкил этиш тўғрисида"ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.
Вилоят “Сувоқова” давлат унитар корхонаси ва унинг туман, шаҳар бўлимлари томонидан куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари пухта режа асосида амалга оширилмоқда. Унга кўра, ҳудуддаги 212 километрдан ортиқ ичимлик сув тармоғи тўлиқ жорий таъмирдан чиқарилди. Аҳолининг ичимлик сувига бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида жойлардаги 53 сув насоси кўрикдан ўтказилиб, носозлари қайта таъмирланди. Жорий йилнинг декабригача Янгийўл ва Қибрай туманларида ҳам сув қувурларини таъмирлаш ишлари режалаштирилган.
– Аҳолини куз-қиш мавсумида ичимлик суви билан узлуксиз ҳамда етарли босимда таъминлаш бўйича барча чоралар кўрилди, – дейди вилоят “Сувоқова” давлат унитар корхонаси директори Н.Аминов. – Ичимлик суви ва оқова сув тизимида юзага келадиган носозликларни бартараф этиш бўйича ишчи гуруҳлар ҳамда диспетчерлик хизматлари ташкил этилиб, махсус сув ташиш техникаси билан таъминланди. Жорий йил бошида давлат бюджетидан ажратилган 8,2 миллиард сўм маблағ ҳисобидан вилоятдаги 8 маҳаллага 38 километрдан ортиқ сув қувури тортиш, 2 сув минораси қуриш, 4 ер ости қудуғи қазиш ҳамда 4 сув чиқариш насоси ўрнатиш ишлари амалга оширилмоқда. Ўрнатилаётган замонавий насослар истеъмолчиларга узлуксиз сифатли ичимлик суви етказиш билан бирга электр энергияси харажатларини ҳам тежаб қолади.
Соҳа ходимларининг таъкидлашича, 2018 йилда вилоятдаги энг чекка 32 қишлоқдаги 104,7 километр ичимлик сув қувурларини реконструкция қилиш, 11 трансформатор ўрнатиш, 17 янги сув минораси ва 39 сув чиқариш насосини қуриш режалаштирилган.
Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашни янада яхшилаш учун ҳар йили давлат дастурлари доирасида бюджет маблағлари ҳисобидан қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Вилоятдаги намунавий лойиҳалар асосида қурилган 32 янги уй-жой массивида 31,3 километрдан ортиқ сув қувурларини тортиш ишлари ҳам уюшқоқлик билан олиб борилаётир.