Тошкент шаҳридаги UDEA — Рақамли иқтисодиёт ва агротехнологиялар университети ва Буюк Британиянинг Ковентри университети ўртасида ҳамкорлик меморандумини имзолашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда UDEA университети талабаларига яратилган шароитлар тўғрисида маълумот берилди. UDEA университети ўтган йили мамлакатимизда ўз фаолиятини бошлади. Таълим муассасаси иқтисодиёт, хусусан, банк сектори ва қишлоқ хўжалиги учун мутахассислар тайёрлашга ихтисослашган.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, Ковентри (Coventry University) университети жаҳон университетлари рейтингининг энг яхши 600 таси, Буюк Британиянинг энг яхши 100 таси таркибига киритилган. Қўшма дастурнинг жорий этилиши орқали ушбу университет Ўзбекистоннинг энг юқори рейтингли хусусий унверситетлари қаторига киради.
[gallery-11701]
– Ҳамкорлик UDEA талабалари учун кенг имкониятларни яратади. Ушбу ҳужжатда алмашинув дастури асосида таълим олиш ва халқаро компанияларда тажриба орттириш йўлга қўйилиши кўзда тутилган, – деди UDEA университети ректори, иқтисод фанлари доктори, профессор Рустам Абдураупов. – Жорий йилнинг сентябрь ойида UDEA Ковентри университети дастури бўйича 6 та йўналишни йўлга қўяди. Хусусан, бухгалтерия ҳисоби ва молия, рақамли технологиялар, бизнес учун ахборот технологиялари, бухгалтерия ҳисоби ва молия (бакалавр даражаси), халқаро молия ва банк иши, инглиз тили ва инглиз тилини чет тили сифатида ўқитиш (бакалавр) йўналишида фаолият йўлга қўйилган.
Эътиборли жиҳати шундаки, UDEA талабаларга Британиянинг нуфузли университети дастури асосида таълим олишни таклиф этган Марказий Осиёдаги ягона олийгоҳ.
– Биз UDEA билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатганимизни мамнуният билан эълон қиламиз, – деди Ковентри университетининг халқаро алоқалар бўйича проректори Ричард Уэллс. – Бу Ковентри олийгоҳининг Ўзбекистондаги илк ҳамкорлиги, UDEA университети Марказий Осиёдаги ягона ҳамкоримиз ҳисобланади. Биз йил сўнгида илк гуруҳ талабаларини интиқлик билан кутамиз ва узоқ ҳамда муваффақиятли ҳамкорликка умид қиламиз
– Қўшма дастур талабалари Ўзбекистонда университетимизни битириб, Ковентри университети дипломига эга бўлишади, – деди “Агробанк” АТБ Бошқаруви раиси биринчи ўринбосари Эркин Каҳҳоров. –Муваффақиятга эришган талабалар Ковентри университети ёки Ковентри университети билан ҳамкорликни йўлга қўйган нуфузли университетларнинг бирида талабалар алмашинуви дастурларида қатнашиш имкониятига эга бўлишади ёки хорижий олий ўқув юртлари таълим дастурлари асосида билим ва кўникмаларни хорижга чиқмаган ҳолда ўзимизда олишлари мумкин. Шунингдек, Агробанк ушбу қўшма дастур учун талабаларга бир қатор грант дастурларини тақдим қилишни режалаштирмоқда.
Маълумот учун, Рақамли иқтисодиёт ва агротехнологиялар университети (Ўзбекистон) халқаро даражадаги мутахассисларни тайёрлаш мақсадида ташкил этилган. Хорижий университетлар дипломига эга 35 дан ортиқ профессор-ўқитувчилар дарс беради.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА