Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманидаги Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ихтисослаштирилган ўқув марказида “Учувчисиз тизимлар – келажак технологиялари” мавзусида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Тадбир мамлакатимизда амалга оширилаётган ҳарбий ислоҳотлар, жумладан, Президент — Қуролли Кучлар Олий Бош қўмондонининг “Ўзбекистон–2030” стратегиясида белгиланган устувор вазифалар ижроси билан узвий боғлиқ ҳолда ташкил этилди. Анжуманда қўшинларни замонавий қурол-аслаҳа ва махсус воситалар билан таъминлаш, етакчи хорижий тажрибани ўрганиш, учувчисиз учиш аппаратларини жанговар тайёргарлик жараёнига янада кенг жорий этиш каби масалалар муҳокама этилди.

Шунингдек, мавзуга оид муаммолар таҳлил қилиниб, келажак технологияларини яратиш ва уларнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, илмий тадқиқот натижаларини амалиётга татбиқ этиш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Илмий-амалий конференцияда Миллий гвардия ўқув маркази билан бирга 30 дан ортиқ вазирлик ва идоралар, олий таълим муассасалари, маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналар ҳамда Учувчисиз учиш аппаратлари йўналишида фаолият юритаётган ташкилотлар раҳбарлари, ҳарбий олимлар ва тадқиқотчилар иштирок этди.

Марказ раҳбари, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори, полковник Акмал Бобоев ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси аъзоси Козимжон Тожиев конференциянинг мақсад ва аҳамияти ҳақида фикр билдиришди.
– Бутун дунёда геосиёсий вазият тобора кескинлашиб бораётган бир пайтда мамлакатимиз мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш, қўшинларни замонавий қурол-яроғ ва техникалар билан таъминлаш давлат сиёсати даражасидаги устувор йўналишдир. Шу боис учувчисиз учиш аппаратларини мудофаа соҳасига жорий этиш, сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш, ёш олимларни қўллаб-қувватлаш ва стартапларни рағбатлантириш зарурлиги ҳақида қатор таклифлар илгари сурилди. Шунингдек, қонунчилик базасини такомиллаштириш масаласи ҳам депутатларимиз томонидан кўриб чиқилди, – деди Козимжон Тожиев.

Конференциянинг назарий қисмида Тошкент давлат транспорт университети доценти Нуриддин Абдужабборов “Учувчисиз учиш аппаратларини лойиҳалаш”, Ички ишлар вазирлиги Махсус тайёргарлик маркази майори Мансур Мағрубов “Қуролли Кучларда дронлардан фойдаланиш ва хорижий тажриба”, Фавқулодда вазиятлар академияси ўқитувчиси Шоҳжаҳон Хуррамов эса “Сув ости учувчисиз қурилмалар ривожланиш тенденциялари” мавзуларида маърузалар қилди.

– Конференцияда мавзуга оид муаммолар аниқланди, хорижий тажрибалар таҳлил қилинди. Келгусида учувчисиз учиш аппаратларини қўллашнинг ҳуқуқий ва амалий жиҳатларини такомиллаштириш, тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликни кучайтириш режалаштирилмоқда. Энг муҳими, илмий тадқиқот натижаларини амалиётга татбиқ этиш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилади, – деди Миллий гвардия ўқув маркази бошлиғининг ўринбосари, ҳарбий фанлар доктори Шавкатжон Абдуллаев.
Амалий қисмида эса маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва ўзбек ихтирочилари яратган учувчисиз учиш аппаратлари кўргазмаси ўтказилди. Унда инновацион ечимлар, янги моделлар ҳамда уларнинг мудофаа ва фуқаролик соҳасидаги қўлланиш имкониятлари намойиш этилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири