Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дурбек Аҳмедов Учтепа туманидаги сайловчилар билан учрашиб, мулоқот қилди. Хусусан, тумандаги “Боғобод” МФЙда бўлиб ўтган мулоқотларда аввало, қабул қилинаётган қонунларнинг мазмун-моҳияти, айниқса, янги таҳрирдаги Конституциямиздаги янги нормалар хусусида сўз юритилди.
Юзма-юз мулоқот чоғида фуқаролар турли соҳаларга оид масалалар юзасидан мурожаат қилди. Ҳар бир мурожаат назоратга олиниб, мутасаддиларга уларни ижобий ҳал этиш бўйича тавсиялар берилди. Айрим масалалар тегишли идора вакиллари иштирокида шу ернинг ўзида ижобий ҳал этилди.

Шунингдек, депутат ҳудудда олиб борилаётган ободонлаштириш ишлари, айниқса, энергетика тармоқларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш ва муқобил энергия манбаларидан фойдаланишни йўлга қўйиш борасидаги чора-тадбирларни ўрганди. Ушбу ҳудудда янги ташкил этилган локал маҳаллий қозонхонани кўздан кечирди.
Бундан ташқари, ҳудуддаги 411-сонли мактабгача таълим ташкилоти ҳамда 228-сонли умумтаълим мактабида ёшлар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишди. Педагоглар билан мулоқотлар давомида таълим соҳасини янада ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар, ушбу соҳада бўлаётган ўзгаришлар, янгиланишлар ҳақида сўз юритилди. Ўқитувчи касбининг нуфузини ошириш, жамиятдаги мақомини кўтаришга алоҳида эътибор қаратилаётгани алоҳида қайд этилди.
М.Комилова, ЎзА