English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Учтепа туманида Давлат хизматлари марказининг янги биноси ишга туширилди
13:01 / 2021-12-30

Давлат-хусусий шерикчилик шартлари асосида бунёд этилган ва замонавий IT-коммуникация технологиялари билан жиҳозланган Учтепа тумани Давлат хизматлари марказининг янги биноси ўз фаолиятини бошлади.

Бино қурилишида, замонавий шаҳарсозлик нормаларига мувофиқлик ва фуқаролар учун энг қулай шароитларни яратишга алоҳида эътибор берилди. Мурожаатчиларга бир вақтнинг ўзида 160 дан ортиқ турдаги хизматларни кўрсатиш имкони яратилди.

Ушбу Марказ тумандаги 280 мингга яқин аҳолига хизмат кўрсатиш билан бирга, экстерриториал тамойили асосида Тошкент шаҳри ва республикамизнинг барча худудларидан ташриф буюрган фуқароларга ҳам хизмат кўрсатади.

Марказда электрон навбат тизими билан интеграция қилинган махсус платформа мавжуд бўлиб, унинг ёрдамида мижозлар хизмат кўрсатиш жараёни ва хизмат кўрсатган ходимни баҳолаш имконига эга бўлади. Бу эса фуқаролар билан қайта алоқанинг муҳим усулларидан бири сифатида мурожаатчилар учун хизмат кўрсатиш сифатини янада оширишга  ёрдам беради.

Янги Марказда Ўзбекистон Республикаси фуқароси, Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг идентификация ID-картасини ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш бўйича давлат хизмати тажриба-синов тариқасида жорий этилган бўлиб, 2022 йил 1 январдан бошлаб, ушбу давлат хизмати Давлат хизматлари марказлари орқали ҳам кўрсатилади.

Ташриф буюрувчиларнинг фикр-мулоҳазаларини инобатга олган ҳолда, давлат хизматларидан фойдаланишда NFC қурилмаси ишга туширилди. Унинг ёрдамида ID картадаги фуқаронинг шахси аниқланади ва тизимда аризачининг маълумотлари автомат тарзда тўлдирилади.

Жисмоний имконияти чекланган, турли сабабларга кўра ногирон бўлиб қолган мурожаатчиларга барча шароитларни яратиш мақсадида ногиронлик аравачаси орқали бинога кириш имконини берувчи пандус ҳамда шахсий эҳтиёжлар учун алоҳида хона, шунингдек, “surdo-online” хизматлари мавжуд.

Ҳозирда Тошкент шаҳрида 12 та Давлат хизматлари маркази мавжуд бўлиб, уларнинг бештаси замонавий жиҳозланган биноларга эга.

ЎзА