Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Учтепа тумани ҳокими фуқароларнинг кўплаб саволларига жавоб берди (+видео)
15:12 / 2022-12-23

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг @uza_uz телеграм канали орқали 21 декабрь куни Учтепа тумани ҳокими Фарҳод Абдуллаев билан «Президент ташрифидан сўнг муаммолар қандай бартараф этиляпти?» мавзусида овозли чат бўлиб ўтди.

Ҳоким овозли чат давомида фуқароларнинг саволларига жавоб берди. Аҳоли муаммоси билан боғлиқ ҳолатлар ечими бўйича тўхталиб ўтди.  

– Учтепа туманига қарашли Фарҳод бозори билан туман ҳокимлиги ўртасидаги бекат жуда кўп маротаба бузилиб, қайта қурилди. Ўша жойга ҳайдовчилар шахсий машиналарини қўйиб олишади, автобусларга тўхташ имкони қолмайди. Йўловчилар автобусга чиқишлари учун камида бир километр узоқликка юриб боришлари керак. Шу муаммони ечиш имкони борми?  

– Чорраҳалар тирбандлигининг олдини олиш мақсадида пиёдалар йўлаклари ва велосипед қатновлари учун йўлаклар ташкил этиш бўйича Президентимизнинг алоҳида кўрсатмалари бор. Шу асосда Фарҳод кўчасининг 3 километр қисми намунавий йўлга айлантирилди. Аммо камчиликларимиз бор.  

Куни кеча жамоат транспорти фаолиятини мониторинг қилиш бўйича тўртта сектор раҳбарлари иштирокида ҳолатни ўрганиб юрганимизда, аҳоли томонидан ҳам ҳайдовчилар машиналарини қўйиб олиши натижасида ноқулайлик келиб чиқаётгани ҳақида айтилди. Биз муаммони ўргандик ва ўша бекатга керакли йўл белгиларини қўйиш бўйича ишлар олиб борилади. Шахсий автомобилларни қўйилишининг олдини олиш ва автобуслар тўхташига қулайлик яратиш учун зарур чораларни белгилаб олдик.  

– Учтепа тумани ҳокимиятининг қаршисидаги истироҳат боғи ташландиқ ҳолатга келиб қолган. Бу муаммони бартараф этиш чоралари кўриляптими?  

– Ҳақиқатан ҳам туман ҳокимиятининг рўпарасида «Боғи шамол» истироҳат ва маданият боғи бор. Боғнинг аянчли ҳолатини яхшилаш бўйича аҳолидан кўплаб таклифлар тушяпти. Ушбу боғ 2018 йилда тадбиркорга 49 йилга фойдаланиш учун берилган. Биз тадбиркорга кредитлар жалб қилиб, фаолиятини юрғизиши учун кўплаб йўналишларда ёрдам бердик. Аммо ишни яхши ташкиллаштира олмаяпти. 2023 йил Наврўз байрамигача мазкур истироҳат боғини янгича кўринишда очишни режалаштирганмиз.  

– Борган сари Учтепа ва Чилонзор туманида дарахтлар камайиб кетяпти. Бу камчилик қачон бартараф этилади?  

– Жорий йилнинг куз фаслида туманимизда 42 минг 520 туп манзарали ва мевали дарахт, 20 мингдан ошиқ узум кўчати экилди. Баҳорда яна 42 мингдан ортиқ узум қаламчалари ва 84 мингга яқин дарахтлар экилади. "Истироҳат" кўчасига бу йил 15 минг туп мевали кўчатлар экдик. Бу ишларимизни баҳорда яна давом эттирамиз. Бугун эккан кўчатларимиз 2-3 йил ўтиб, албатта ўзининг мевасини беришига ишонаман.  

– Учтепа тумани 24-массив, 25-уйнинг том қисмидан сув оқяпти. Шу муаммони ҳал этиш бўйича қандай ёрдам бера оласиз?  

– Ҳақиқатан ҳам 24-кварталимизда ҳали қиладиган ишларимиз бор. Бугунги кунда Президентимиз томонидан яшаш шароитлари оғир маҳаллаларга алоҳида эътибор бериш мақсадида маблағлар ажратилган. «Ватанпарвар» маҳалласига 4.4 миллиард маблағ ажратиб берилди. Унинг лойиҳа ҳужжатлари тасдиқланди, тендер ўтказилди. 25-кўп қаватли уйнинг том қисмини яхшилаш учун ҳам бизда маблағ бор, бу кварталда ҳам иш бошлаймиз.  

Шунингдек, овозли чат давомида аҳоли томонидан Учтепа тумани ҳокимига кўплаб саволлар келиб тушди. Биз ўйлаймизки, жойлардаги мавжуд муаммолар имкон қадар бартараф этилади ва бу ҳақда ҳокимлик мутасаддилари томонидан Ўзбекистон Миллий Ахборот агентлигига маълумот берилади. Туман аҳолиси томонидан келиб тушган саволларнинг бажарилиши бўйича расмий муносабатни сайтимиз орқали тез орада батафсил ёритамиз.  

ЎзАнинг You tobe канали орқали овозли чатнинг видео ҳаволасини кўришингиз мумкин.  

<iframe width="1180" height="664" src="https://www.youtube.com/embed/iHg-1uuLdys" title="УЧТЕПА ТУМАНИ ҲОКИМИ  ФУҚАРОЛАРНИНГ САВОЛЛАРИГА ЖАВОБ БЕРДИ" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>

 

Нигора Раҳмонова, Ёқуб Мелибоев (видео), ЎзА