Учта ёш тоифасида шахмат бўйича мамлакат чемпионати ўтказилмоқда
Жиззахда 8, 10, 12 ёш тоифасидаги ўғил болалар ва қизлар ўртасида шахматнинг рапид, блиц ва стандарт йўналишлари бўйича Ўзбекистон чемпионати ўтказилмоқда.
Чемпионатда 400 нафардан зиёд шахматчилар ғолиблик учун баҳслашмоқда. Стандарт шахмат бўйича ўтказилган беллашувларнинг иккинчи тур якунига кўра, 8 ёш тоифасида ўғил болалар орасида Дониёр Раҳимов 2 очко жамғариб, биринчи ўринда бормоқда. Қизлар орасида эса Гулсанам Очилова икки ғалаба эвазига карвонбошилик қилмоқда.

10 ёш тоифасида эса Нурмуҳаммад Неъматиллахонов бошчилигида жами 18 нафар шахматчилар 2 очкодан тўплаган бўлса, Зарина Неъматжонова ва яна 15 та иштирокчи ҳисобида 2 очко бор. 12 ёшлилар орасидаги ўғил болалар баҳсида жами 16 нафар, қизлардан эса 12 нафар иштирокчи ўтган икки турда ғалабани қўлга киритди.
Бугун мусобақанинг 3-4-тур беллашувлари бўлиб ўтади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА