Суд жараёнларида ишни холисона кўриш ва адолатни қарор топтиришда адвокатларнинг ўрни алоҳида аҳамиятга эга.
Наманганда вилоят суди ҳамда Адвокатлар палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси ҳамкорлигида судьялар ва адвокатлар билан учрашув бўлиб ўтди. Мулоқот аввалида Наманган вилоят суди раиси Алишер Усмонов, Адвокатлар палатаси Наманган вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Ўктамжон Жамолов суд тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, соҳавий тартиб-таомиллар ва қонунчиликдаги ўзгаришларни аҳолига тўғри етказишда адвокатларнинг ўрни муҳим эканини таъкидлади.


Учрашувда суд жараёнларида учраб турувчи айрим муаммоли вазиятларга барҳам бериш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди. Бу борада адвокатлар дуч келаётган ва ўз навбатида одил судловни таъминлашга тўсиқ бўлаётган камчиликлар ҳам рўй-рост ўртага ташланди. Суд амалиётида адвокатлар билан юзага келаётган муаммоларга атрофлича баҳо берилди, камчиликларни бартараф этиш юзасидан ишлар олиб борилаётгани айтиб ўтилди.


Хусусан, айрим суд биноларида адвокатлар учун етарли шароитлар яратилмагани, суд мажлисларининг белгиланган вақтда бошланмаслиги оғриқли нуқта экани билдирилиб, уларнинг сабаблари тушунтириб ўтилди ва бу борада аниқ чора-тадбирлар белгилаб олингани айтилди.
Очиқ, самимий, тарзда ўтган мулоқот якунида бу каби учрашувларни мунтазам равишда ўтказиб туришга келишиб олинди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА