Мамлакатимизда аҳолининг мурожаатлари билан ишлаш борасида сифат жиҳатдан мутлақо янги тизим яратилди. Натижада жойларда ўтаётган сайёр қабуллар, учрашув ва мулоқотлар халқнинг дардини эшитиш, уларнинг муаммоларини ҳал этишда самарали восита бўлиб хизмат қилмоқда.
Бу, “халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак” деган тамойилнинг самара бераётганидан далолат.
Бу борада Ўзбекистон Республикаси Спортни ривожлантириш вазирлиги томонидан тизимли ишлар йўлга қўйилган бўлиб, ўтган давр мобайнида юртимизнинг турли ҳудудларида, жумладан, Фарғона, Навоий, Самарқанд, Қашқадарё, Бухоро вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасининг чекка-чекка масканларида сайёр қабул ва учрашувлар, давра суҳбатлари ташкил этилди.
Сирдарё вилоятида Спортни ривожлантириш вазири маслаҳатчиси Авазжон Каримов раҳбарлигида навбатдаги сайёр қабул ҳам ушбу ҳаракатнинг мантиқий давоми бўлди, дея хабар бермоқда вазирлик матбуот хизмати.
Мазкур сайёр қабулда соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, спорт таълими муассасалари ва тренерларга яратиб берилаётган имконият-у шарт-шароитлар ҳамда рағбатлантиришнинг янги механизмлари тўғрисида соҳа вакиллари билан суҳбатлашилди. Уларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди.
Вилоятнинг спорт масканларида аҳолининг жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги муаммолари ва таклифлари ўрганилди. Улар билан очиқ мулоқот ўтказилди. Ечимини кутаётган муаммоларнинг айримларини жойида ҳал этиш бўйича мутасаддиларга зарур кўрсатмалар берилди.
Сайёр учрашувлар якунида мамлакатимизда аҳолини оммавий спорт тадбирларига жалб этиш, жойларда белгиланган режа асосида бунёд этилган спорт-соғломлаштириш масканларидан фойдаланиш каби қатор мавзулар кенг жамоатчилик иштирокида қизғин муҳокама қилинди.
Т.Рўзиев,
ЎзА