Ички ишлар вазирлигининг Сурхондарё академик лицейида “Уч авлод учрашуви” тадбири бўлиб ўтди.
Унда ички ишлар органлари фахрийлари, айни пайтда хизмат қилаётган осойишталик посбонлари, академик лицей ўқитувчи ва ўқувчилари иштирок этди.

Учрашувда вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари, подполковник Шерзод Шадиев кейинги йилларда мамлакатимизда ички ишлар органлари аҳолининг ишончли ҳимоячиси сифатида фуқаролар, жамоат ташкилотлари ҳамда кенг жамоатчилик билан яқин ҳамкорликда, ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатлик руҳида ишлашини таъминлайдиган халқчил тузилмага айлантирилганини таъкидлади. Бундай улуғвор ишлар юртимизда қонун устуворлигини таъминлаб, тинчлик-осойишталикни янада мустаҳкамлашда ўз самарасини бераётгани, бу жараёнда шарафли касб эгаларига барча шароит яратилиб, кучли ижтимоий ҳимоя қилинаётгани қайд этилди.

Уч авлод вакилларини ягона мақсад йўлида бирлаштирган учрашувда вилоят ички ишлар бошқармаси фахрийлар кенгаши раиси, истеъфодаги подполковник Акрам Шарафутдинов ва бошқалар ўзлари хизмат қилган йилларни эслаб, ҳаминқадар шароитларда тинч, осойишта ҳаётни таъминлашга ҳаракат қилганини ёдга олди. Ўша давр билан ҳозир яратилган шароит ва қулайликларни қиёслади. Айни пайтда нафақат ички ишлар органларида хизмат қилаётган ходимлар, балки фахрийларга ҳам алоҳида ғамхўрлик кўрсатилаётгани хусусида сўз юритди. Ёш ходимлар ва бўлғуси ички ишлар органлари хизматчиларини бундай эътиборнинг қадрига етиб, ундан оқилона фойдаланиш ҳамда Янги Ўзбекистон тараққиётига муносиб ҳисса қўшишга чақирди.


Қизиқарли савол-жавобларга бой бўлган тадбирда ёш авлодни Ватанга муҳаббат, юртга садоқат ва қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашга ҳисса қўшаётган бир гуруҳ фахрийлар ҳамда аъло баҳоларга ўқиб бошқа тенгдошларига ўрнак бўлаётган лицей ўқувчиларига вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ташаккурномаси ва китоблар тўплами топширилди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири