Жиззах политехника институтида ёшларни қийнаётган масалаларни ўрганиш, уларга ечим топиш ва давлат ташкилотлари билан тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш мақсадида учрашув ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси раиси маслаҳатчиси Собур Муродов, Ёшлар ишлари агентлиги директори ўринбосари Абдулазиз Мўминов, Жиззах вилояти ҳокими ўринбосари Акмал Савурбаев ҳамда вилоятнинг фаол ёшлари иштирок этишди.
[gallery-25487]
Учрашув давомида ёшлар томонидан билдирилган 25 дан зиёд мурожаат ва таклифлар кун тартибига олинди. Улар орасида ишбилармонлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, тиббий ёрдам олиш, уй-жой билан таъминлаш ҳамда таълим тўловларига оид масалалар асосий ўринни эгаллади.
Мулоқот жараёнида раҳбарлар ҳар бир масалани диққат билан тинглаб, амалий ечимлар ва тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳал этиладиган таклифлар юзасидан аниқ тавсиялар беришди.
Тадбирнинг асосий мақсади — ёшларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириш, уларнинг фикри ва ташаббусларига етарли эътибор қаратиш ҳамда мавжуд муаммоларни маҳаллий даражада ҳал этиш механизмларини ишлаб чиқишдан иборат бўлди.
Учрашув самимий муҳитда, очиқ мулоқот шаклида ўтди ва ёшлар ислоҳотлар жараёнининг бевосита иштирокчиси сифатида қаралаётгани яна бир бор намоён бўлди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА