Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Учрашув эзгу мақсадлар рўёбига руҳлантирди
16:43 / 2024-10-09

Олий таълим муассасасида билим олаётган талабалар билан давлат идоралари вакиллари иштирокида учрашувлар ўтказиш ёшларнинг эртанги ҳаётида, маълум бир касб танлашида муҳим омил ҳисобланади.

Айни шу жиҳатдан, Наманган давлат университетининг юридик факультети талабалари билан ўтказилган “Судья ва ёшлар” учрашуви ҳам эртанги фаолиятини суд идоралари билан боғлаш ниятидаги кўплаб йигит-қизларга ўзига хос мактаб бўлди. Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг биринчи ўринбосари Икром Муслимов, Олий суд кадрлар бошқармаси бошлиғи Музаффар Муҳиддинов, вилоят суди раислари иштирокида бўлиб ўтган учрашув аввалида, кейинги йилларда судларда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз юритилиб, мазкур жараёнларда тизим ходимлари учун етарли шароит ва имкониятлар, ижтимоий кафолатлар яратилгани таъкидланди. 

Учрашувда юқори малакали, чуқур билим ва кўникмаларга эга кадрлар ёрдамидагина судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, уларнинг фаолияти самарадорлиги ва одил судлов сифатини оширишдек эзгу мақсадларга эришиш мумкинлиги айтиб ўтилди. Бу борада Олий суд ва Наманган давлат университети ўртасида юридик кадрларни тайёрлаш соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолангани, ушбу ҳужжатга кўра, талабаларнинг суд тизимида махсус амалиётини ўтказиш бўйича “Бўлажак суд ходимлари” клуби жорий этилгани қайд этилди. 

Бугунги кунда Наманган давлат университетининг юридик факультетида кундузги, кечки ва сиртқи таълим йўналишларида жами 800 нафарга яқин талаба таҳсил олмоқда. Юзма-юз мулоқотда ёшларнинг қонунчилик ислоҳотлари, суд тизимидаги ўзларини қизиқтирган саволларига ҳаётий мисоллар, амалиётда учрайдиган воқеа-ҳодисалар билан жавоб қайтарилгани бўлажак ҳуқуқшуносларни суд тизимига, судьяликка бўлган қизиқишини янада оширди. 

Оқилхон Дадабоев, ЎзА.