1800 нафарга яқин ишчи-мутахассислар меҳнат қилаётган Учқудуқдаги 3-гидрометаллургия заводи лойиҳа-конструкторлик бюроси муҳандис-конструктори Лада Лагода заводнинг улкан технологик қўшимчалар ҳамда металл конструкциялар чизмаларини тайёрлайди. Бундан ташқари, қад ростлаётган қурилиш ишларининг лойиҳадан чекинмаслигини назорат қилади.
Қурилиш объектларида ҳам Лада Лагодага “Сен аёл киши бўлиб қурилишни тушунармидинг”, дейишолмайди. У бу ишларни баъзи қурувчилардан-да яхши тушунади. Чунки унга бу касб ота мерос.
Ладанинг отаси Виктор Ладога 1968 йилда Украинанинг Львов шаҳридаги қурилиш техникумини тугаллаб, Навоий шаҳрига келади. Навоий қурилиш бошқармасига ишга кириб, шаҳар қурилишида иштирок этади.

1975 йилда Навоий шаҳрида дунёга келган Лада ҳам ота изидан бориб, Саноат техникумида саноат ва граждан қурилиши мутахассислиги бўйича таҳсил олди.
Техникумни тугатгач, йўлланма билан Учқудуққа юборилади ва Учқудуқ қурилиш-монтаж трестининг ишлаб чиқариш технология бўлимида муҳандис лавозимида иш бошлайди. 1999 йилда эса эндигина ўз фаолиятини бошлаётган Шимолий кон бошқармаси тасарруфидаги 3-гидрометаллургия заводига ишга таклиф қилишади.
3-гидрометаллургия заводини бежизга Шимолий кон бошқармасининг юраги дейишмайди. Йирик конлар – Шарқий, Довғистов, Турбай, Ауминзо-Амантой конларидан миллионлаб тонна сульфидли маъдан қазиб олиниб, 3-гидрометаллургия заводида қайта ишланади. Заводда 1995 йилда 1,2 миллион тонна хомашё қайта ишланган бўлса, айни пайтда бу кўрсатгич 10 миллион тоннани ташкил этмоқда.

Ҳозирда 3-ГМЗнинг Бактериал оксидланиш цехи сульфид концентратларни қайта ишлаш қуввати бўйича дунёдаги энг катта мажмуа ҳисобланади. Унинг қурилишидан то бугунги кундаги фаолиятигача бўлган лойиҳаларда Лада Лагоданинг “қўли” бор.
2019 йилда “Кўкпатас” ва “Довгизтов” конларининг сульфид маъданларидан олтинни ажратиб олиш технологиясини такомиллаштириш” инвестицион лойиҳаси асосида заводда чиқиндиларини қайта ишлашга мўлжалланган фильтрлаш, қуритиш ва куйдириш бўйича янги юқори технологияларга асосланган мажмуа ишга туширилди. Бу цех дунёда ягона ҳисобланиб, чиқиндилар қайта ишланиб, йилига бир тонна миқдорида қўшимча олтин олинмоқда. Технологик қўшимчалар ҳамда металл конструкциялар чизмаларини тайёрлаш, қўлланишини назорат қилиш сингари ишларнинг бири тугаса, бошқаси бошланади. Буларнинг барчаси корхонанинг йилдан-йилга тобора кенгайиб, такомиллашиб боришига хизмат қилади.
Лада эса ана шундай қайноқ ҳаёт ичида заводнинг у бошидан бу боши кўринмайдиган ҳудудида каскаси-ю, қўлида қоғоз-қалами билан юради.
Кўплаб мутахассислар қатори Учқудуққа ишлашга келган Лада Лагоданинг Қизилқум чўлларига қадам босганига ҳам бу йил ўттиз йил тўлди. У ўзини Учқудуқнинг қизи, деб ҳисоблайди. У мамлакатимиз кон-металлургия саноати ривожига қўшган ҳиссаси учун “Кончилик шуҳрати” кўкрак нишони ҳамда бир қатор фахрий ёрлиқ ва ташаккурномалар билан тақдирланган.
А.Бўриев, ЎзА мухбири